Таълимда ҳалоллик – тараққиёт асоси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган давлат педагогика институтида “Таълим муассасаларида коррупцияни олдини олиш, унга қарши курашиш, шунингдек, маиший коррупцияга барҳам бериш борасида барча даражадаги раҳбар ва ходимларнинг масъулиятини ошириш” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари О. Бозоров, вилоят ҳокимлигининг коррупцияга қарши ички назорат шўъбаси раҳбари Д. Эрматов ҳамда вилоят прокуратураси бўлим прокурори С. Дадамирзаев иштирок этди.
Вилоятдаги барча олий таълим муассасалари вакиллари – ректорлар, проректорлар, бўлим бошлиқлари ҳамда политехникумлар директорларига коррупцияга қарши курашиш борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, сўнгги йилларда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ҳалоллик тамойилларининг амалий аҳамияти ҳамда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича тушунчалар берилди. Коррупциянинг салбий оқибатларини ўзида акс эттирган 3 та қисқа метражли видеоролик намойиш этилди.
[gallery-25931]
Йиғилишда таълим тизимида коррупциянинг барвақт олдини олиш, унга қарши курашиш, маиший коррупцияга барҳам бериш, шаффоф бошқарув механизмларини кучайтириш ҳамда манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш масалалари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Таълим муассасаларида “Ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш – ҳар бир жамоа аъзосининг бурчи”, деган ғоя асосида амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни мунтазам амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА