“Талимаржон ИЭС”да янги қувватлар барпо этилмоқда
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунларда Қашқадарё вилоятида жойлашган “Талимаржон ИЭС” АЖда 1065 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмасининг қурилиши жадал давом этмоқда.
Ушбу инвестиция лойиҳаси орқали станциянинг ишлаб чиқариш қуввати сезиларли даражада ошади ва мамлакатда электр таъминоти янада барқарорлашади.
Айни пайтда 4- ва 5-сонли буғ-газ қурилмаларининг газ ва буғ турбиналари генераторларини ўрнатиш ишлари якунланди. Шунингдек, байпас ва тутун мўрилари монтаж қилинмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилишида Испания ва Япония компаниялари бош пудратчи сифатида иштирок этаётган бўлса, қурилиш ишларини Туркия компанияси олиб бормоқда.
Қурилишда 4 минг 300 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда, шулардан 528 нафари хорижлик мутахассислардир. Шунингдек, иншоот ишга туширилгач, 112 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Ҳозирга келиб, қурилиш ишларининг 75 фоизи якунланган бўлиб, буғ-газ қурилмаси 2025 йилнинг иккинчи ярмида фойдаланишга топширилади.
Янги иншоот ишга тушгач, Қашқадарё ва бутун мамлакат бўйлаб электр таъминоти янада яхшиланиши, энергия таъминотидаги барқарорлик мустаҳкамланиши кутилмоқда.
Шунингдек, янги буғ-газ қурилмаси энергия самарадорлигини ошириш, табиий газ сарфини оптималлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилади.
Бу турдаги қурилмалар юқори ишончлиликка эга бўлиб, электр энергиясини тежамкор ишлаб чиқариш имконини беради, шу билан бирга, чиқиндилар миқдорини камайтириш орқали атроф-муҳитга таъсирни минималлаштиради.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА