“Таълим ва касб” кўргазмаси талаба-ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Таълим ва касб” кўргазмаси ташкил этилди.
Бир қатор ташкилотларнинг мутахассислари қатнашган кўргазма давомида талаба-ёшларга меҳнат бозори талабларига мос касблар, бандлик имкониятлари, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда касбий ривожланиш истиқболлари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, мутахассислар томонидан ёшларни замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда келгусидаги фаолиятини тўғри режалаштириш юзасидан тавсиялар айтиб ўтилди.
Мазкур кўргазма талаба-ёшларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш, уларни муносиб иш ўринлари билан таъминлашга кўмаклашиш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, ушбу тадбир доирасида талабаларнинг стартап ва инновацион лойиҳалари тақдимоти, ёш рассомларнинг ижодий ишлари, ҳайкалтарош ва ҳунармандларнинг ижод намуналари, инклюзив таълим ва ижодий фаоллик имкониятлари хайрия кўргазмалари намойиш этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА