Таълим ва амалиёт уйғунлиги
2019 йил 6 сентябрда “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони имзоланди. Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-хуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижро учун қабул қилинди. Ушбу қарорга асосан коллеж, техникум ҳамда касб-ҳунар мактаблари ташкил топди.
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими хамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилди. Касб-ҳунар мактаблари халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич профессионал таълим шаклидир.

Касб-ҳунар мактабларининг техникум ва коллежлардан фарқи шундаки, техникум ва коллежларга 11-синфни тугатгандан кейин қабул қилинади. Ўқиш икки йиллик тўлов контракт асосида амалга оширилади. Касб-ҳунар мактабларида умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда икки йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади.

Ўқувчиларнинг таълим олишлари давлат бюджети томонидан қопланиб, келажакда ўз касбининг моҳир усталари бўлиб етишишларига замин ҳозирлайди. Тошкент тумани “Заргар” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 2-сон касб-ҳунар мактаби 2021 йилда реконструкция қилинган бўлиб, мактаб қуввати 540 ўринли. Ҳозирги кунда 615 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Касб-ҳунар мактабида дарслар 10-11 синф дарсликлари асосида ўтилади. Касбий йўналишлари бўйича иқтидорли, ўз касбининг моҳир усталари бўлган олий маълумотли халқаро экспертлик сертификатига эга бўлган устозлар томонидан чуқурлаштирилган тарзда таълим берилади.

Тошкент тумани 2-сон касб-ҳунар мактаби ташкил топганига 2 йил бўлганига қарамай раҳбарият саъй-ҳаракатлари билан Тошкент вилояти миқёсида 35 та касб-ҳунар мактаблари орасида биринчи ўринда. Республикамизда 330 та касб-ҳунар мактаблари бўлиб, мазкур муассаса 10-ўринда туради. Бу ерда дарс ва амалий машғулотлар жараёни замонавий инновацион таълим технологиялари билан узвий боғланган. Мактабда таълим олаётган ўқувчилар орасида фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида юқори кўрсаткичларга эришаётганлар бор.

Малакали мутахассисларни тайёрлаш бўйича бор имкониятлардан оқилона фойдаланилаётгани ўз натижаларини кўрсатмоқда. Икки йил давомида таълим муассасасида таҳсил олган 195 нафар ўқувчи олий таълим даргоҳларига ўқишга қабул қилинди. Спорт, ошпазлик, бадиий санъат йўналишлари бўйича вилоятда, республикада ўндан ортиқ ўқувчи фахрли 1-ўринни эгаллади.
Олий таълим даргоҳларига ўқишга кирмоқчи бўлган ўқувчиларнинг қизиқишларини уйғотиш, таълим даргоҳи билан яқиндан таништириш, айниқса, ёшларнинг маънавий савиясини ошириш, бой тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси билан яқиндан таништириш мақсадида олий таълим муассасалари, музейлар, муқаддас қадамжолар, театрлар, зиёратгоҳларга олиб борилади.
Иқтидорли ўқувчиларнинг ўз иқтидорларини намоён этишлари учун барча имкониятлар яратилган. Тадбирларда ўзларининг қобилиятларини намоён қилган ўқувчилар доимий равишда тақдирлаб борилади.
Таълим муассасасида ҳар бир ўқувчининг касбий йўналиши, эгалламоқчи бўлган ўқув фанлари бўйича мутахассис ўқитувчилар томонидан тўгараклар ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар маънавиятини юксалтиришга қаратилган 5 та муҳим ташаббуси бўйича ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Китобхонлик, спорт ва касблар” бўйича тўгараклар ҳам фаолият олиб боради. Ушбу тўгараклар давлат томонидан бепул ташкил этилади. Касб-ҳунар мактаби ҳозирги кунда замонавий кутубхона, фаоллар зали, спорт зали ва стадион, ошхона, касбий йўналишлар бўйича замонавий устахоналар ва инновацион ўқув хоналари замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозланган. Касб-ҳунар мактабида Wi-Fi мавжуд. Барча ишлаб чиқариш таълим усталари “WORDSKILLS” экспертлик халқаро сертификатга эга ўқитувчилар ҳисобланади.
Таълим муассасасида ҳозирги кунда 8 та касбий йўналиш мавжуд. Мутахассисликлари бўйича ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатилади. Касб-ҳунар мактабида 57 та корхона ва ташкилот билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш амалиётларини ўташ учун шартномалар тузилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА