Таълим ва амалиёт уйғун олиб борилмоқда
Андижон шаҳридаги “UZ-KORAM CO” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонасида профессионал таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳамкорлигига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор, салоҳият ва имкониятларини юзага чиқариши учун зарур барча шароитлар яратиб берилмоқда. Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётир. Бу борада Андижон вилоятидаги касб-ҳунар мактаблари, профессионал таълим муассасалари томонидан ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 2023-2024 ўқув йилида вилоятдаги 66 та профессионал таълим муассасасини тамомлаган 16 минг 770 нафар битирувчининг 11 минг 34 нафари “Таълим ва меҳнат бир масканда” лойиҳаси доирасида вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарига бириктирилиб, улар таълимни иш жойлари кафолатланган ҳолда тамомлади.
[gallery-19160]
Андижон шаҳридаги 4-сон касб-ҳунар мактабида айни кунда турли йўналишлар бўйича 1 минг 125 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактабда вилоятдаги 20 дан ортиқ корхона ва ташкилот билан ўқувчиларнинг амалиёт ўташи бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, “UZ-KORAM CO” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси билан тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан, корхонада ўқувчиларнинг назарий ва амалий таълим олиши учун ўқув хонаси ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар яратилган.
“Таълим + амалиёт бир масканда” шиори остида ўтказилган ўқув семинарида Вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси, касб-ҳунар мактаб директорлари, касб-ҳунар мактабининг “Автомобиллар шассисига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш” йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар иштирок этди. Унда профессионал таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳамкорлик истиқболлари, ютуқ ва камчиликлари атрофлича таҳлил этилди.
Иштирокчилар “UZ-KORAM CO” қўшма корхонасида ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари