Таълим тизими: маҳалла ва мактаб ҳамкорлиги
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Вахобжон Ражабов Андижон вилоятидаги таълим муассасалари вакиллари билан мулоқот ўтказмоқда.
Андижон вилояти халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 762 та муассасада 597 минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Кейинги йилларда мамлакатимизда умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитишга илғор ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, билимли, юксак маънавиятли ёш авлодни тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида ёш авлодга муносиб таълим-тарбия бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз томонидан халқ таълими тизими вакиллари олдига ўқувчи-ёшларни нафақат сифатли таълим олишлари, балки уларни юксак маънавиятли, миллий қадриятларимизга, истиқлол ғояларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғулари асосида тарбиялаш юзасидан ҳам қатор вазифалар қўйилган. Бу борада "Таълим масканларидан зиё нурлари таралмоғи зарур" ғояси асосида қатор ишлар олиб борилмоқда. Ана шу ғоя асосида, қолаверса, белгиланган йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлаш, бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш, хусусан, маҳаллаларда ёшлар билан бевосита ишлаш, уларнинг фаоллигини оширишга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтариш мақсадида Халқ таълими вазири ўринбосари вилоят халқ таълими бошқармаси, туман, шаҳар халқ таълими бўлими масъуллари, мутахассислари билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотда белгиланган йўналишлардаги ишларни самарали йўлга қўйиш, ўқувчи-ёшларнинг бирор касб-ҳунар бўйича дастлабки билим ва кўникма олишларига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

– Маҳалла – мактаб ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарур, – дейди вазир ўринбосари В. Ражабов. – Ўқувчилар дарсдан кейинги бўш вақтини мазмунли ўтказиши, мактабларнинг фаоллар зали, спорт майдончалари ва кутубхоналарига келиб, спорт ёки китоб ўқиш билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиб берилиши лозим. Ўқувчилар учун ана шу масканлар эшиги ҳамиша очиқ туриши муҳимдир.
Вазир ўринбосари мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.

Куннинг иккинчи ярмида вазир ўринбосари Андижон шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари раҳбарлари, мутасаддилари билан учрашди. Учрашувда мактабларда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун илғор тажрибалардан кенг фойдаланиш, маҳалла фуқаролар йиғинларида иш олиб бораётган ёшлар етакчилари билан ҳамкорликда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, китобхонликни янада ривожлантириш, ўқувчилар ўртасида кўнгилсиз, салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, давоматни яхшилаш, ўқитувчи нуфузи, мактаб директори имиджини ошириш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Вазир ўринбосари учрашувларда иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА