Таълим-тарбияда ҳеч қачон танаффус бўлмайди
Халқимиз азалдан илмли, маърифатли кишиларни қадрлаган, илм аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.
Шундан бўлса керак, халқ орасида «Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни», деган нақл кенг тарқалган. Бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун юртимизда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилган.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг аҳоли, қолаверса, ёшларни илм-фанга чуқур йўналтиришга қаратилган ташаббуслари мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим тизими ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятида яққол кўзга ташланмоқда.
Мамлакатимизда илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди, 3 ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Иқтидорли болалар учун махсус фанларга ихтисослаштирилган мактаблар кўпайяпти. Қишлоқ мактабларидаги шарт-шароитлар ҳам шаҳар мактабларидан қолишмаслиги, билимга чанқоқ ёшларнинг сони кун сайин ошиб бораётганинг исботидир.
Давлатимиз раҳбари Бош Қомусимизда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериш билан боғлиқ нормалар ҳам бўлиши кераклигини бежиз таъкидлаганлари йўқ.
Таълим-тарбия узлуксиз жараён бўлиб, унда ҳеч қачон танаффус бўлмайди. Бу юксак масъулият талаб этадиган жараёндир. Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия ижтимоий ислоҳотлар занжиридаги энг муҳим ҳалқа ҳисобланади. Боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фаннинг уйғун бўлиши, конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилиши эса ҳаммамиз учун бирдек қувончли.
Шавкат АЮПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони
ЎзА