Таълим-тарбия ҳаёт-мамот масаласи
“Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашида “Янги Ўзбекистон ислоҳотларида тарбия-таълимнинг аҳамияти” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Тадбирда сўнгги йилларда ҳаёт-мамот масаласига айланган таълим- тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 сентябрь куни мактабгача таълим ва мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишининг аҳамияти, бу борада партия олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, юртимизда таълим ва тарбия соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида салоҳиятли ёшлар сафи ортиб, уларнинг ютуқлари кўлами кенгаймоқда. Хусусан, жорий йил бошидан буён халқаро фан олимпиадаларида юртимиз ўғил-қизлари 195 та медални қўлга киритган. Хорижий тил эгалари жалб қилинган мингдан зиёд мактабда тил бўйича сертификат олган ўқувчилар сони бир йилда 2,5 баробар кўпайган.
Видеоселектор йиғилишида соҳадаги ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилиниб, таълимнинг барча йўналишларида катта ўзгариш қилиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди, янги ташаббуслар илгари сурилди.

Мазкур йиғилишдаги устувор вазифалар ижросига кўмаклашишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаол ва ташаббускор бўлиши зарурлиги қайд этилди. Чунки ЎзМТДП таълим ва тарбия соҳасида қатор мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйган, бу борада муайян ташаббусларни амалга ошириб келаётган сиёсий кучдир. Соҳани бугунги замон талаблари даражасида янада равнақ топтиришда партия ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди. Бу борада келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА