Таълим соҳасида Германия – Ўзбекистон ҳамкорлиги кенгаймоқда
Бугунги глобаллашув жараёнида олий таълим тизими олдида турган вазифалар тобора мураккаблашиб бормоқда. Замонавий илм-фан, инновациялар ва интеграциялашган ўқув дастурлари устуворлик касб этаётган бир даврда халқаро университетлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.
Айнан шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Германия ректорлари форумининг ташкил этилиши таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашувининг янги саҳифасини очди.


Форумда икки давлатнинг нуфузли университет раҳбарлари, илмий доира вакиллари ҳамда таълим соҳаси экспертлари иштирок этиб, стратегик ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашди.

Аъзам Қодирхўжаев бошчилигидаги Геология фанлари университети делегацияси учун мазкур форум алоҳида аҳамият касб этди. Геология, ер ости бойликлари, фойдали қазилмалар, экология ва атроф-муҳитни баҳолаш каби йўналишлар Техника университети Фрайберг кончилик академияси билан илмий-техник ҳамкорликда энг истиқболли йўналишлар сифатида кўрилмоқда.


Берлин шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон ва Германия университетлари ректорлари биринчи форуми икки давлат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликнинг янги тарихий босқичи бўлди. Бу ташаббус нафақат академик алмашинувни кучайтиради, балки инновацион технологиялар ва барқарор ривожланиш соҳаларида йирик қўшма лойиҳалар учун замин яратади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА