Таълим соҳасида Эстония тажрибаси ўрганилди
Эстониянинг Таллинн шаҳрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган делегация аъзоларининг Таллинн шаҳри мэри ўринбосари, таълим департаменти раҳбарияти, стратегик ривожланиш бўлими раҳбари ҳамда бошқа масъул вакиллар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, хусусан, таълим соҳаси ва ундаги рақамли бошқарув йўналишлари бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида делегация аъзолари “e-Estonia Briefing Centre" марказида бўлиб, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали ижтимоий соҳаларни ривожлантириш лойиҳалари тақдимотида иштирок этди. Унда Таллинн шаҳри Ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар ассоциацияси раҳбари иштирокида инновацион жараёнларни ташкил этиш ва ушбу жараёнларда таълимнинг ўрни ва ёшларнинг иштироки бўйича муҳокамалар олиб борилди ва келгусидаги мамлакатимиз билан ҳамкорлик режалари белгиланди.
Tallinn University of Technology (TalTech)га ташрифда Сунъий интеллект бўйича компетенция маркази ютуқлари ва қийинчиликлари, рақамли бошқарув технологиялари ва хизматлари ўқув дастури ҳамда кейинги авлод рақамли давлат тадқиқот гуруҳининг асосий фаолияти билан танишилди.

Таълим бошқармалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўқитувчилар алмашинуви ҳамда илмий-тадқиқот ишлари, лабораториялар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, келажакда ҳамкорликни расмийлаштириш ва меморандум имзолаш тўғрисида келишувга эришилди.
Сафар якунида делегация "EdTech Testbeds:" Халқаро тажрибаларни алмашиш ва чегаралараро ҳамкорликни муҳокама қилиш" мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этди. Анжуманда кўплаб давлатлардан келган мутахассислар қатнашди. Финландия, Германия, Эстония ва бошқа мамлакатлар таълим соҳаси экспертлари ўзларининг қимматли тажрибалари ва ютуқлари билан ўртоқлашди.
Гулноза Бобоева, ЎзА