Таълим сифати бўйича Осиё мамлакатлари етакчилик қилмоқда
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг мактаб ўқувчиларининг билим ва кўникмаларини баҳолашга қаратилган халқаро тадқиқотлари дунё мамлакатларининг таълим сифати, ўқитиш самарадорлиги ва мактаб битирувчиларининг келажакка тайёргарлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.
Ташкилотнинг жорий, яъни 2026 йилдаги таҳлилларида 91 мамлакатдан 760 000 дан ортиқ 15 ёшли ўсмирларнинг билим ва кўникмалари баҳоланди. Ўқувчиларнинг табиий фан, ўқиш, математика ва муаммоларни ечишдаги қобилиятлари синовдан ўтказилди.
“Naked sceince” онлайн нашрининг ташкилот маълумотларига асосланган хабарида келтирилишича, табиий фанлар, математика, ўқиш саводхонлиги ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмалари бўйича ўтказилган таҳлилларда Хитой ва Сингапур юқори натижаларни қайд этди.
Шунингдек, мактаб таълимининг сифат даражасига кўра, рейтингнинг кейинги поғоналарини Япония, Эстония, Жанубий Корея, Буюк Британия, Финландия эгаллади. Қайд этиш керак, рейтингнинг бу йилги натижалари мактаб таълими самарадорлигида Осиё мамлакатлари етакчи эканлигини кўрсатди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, ташкилотга аъзо мамлакатлардаги тахминан ҳар беш нафар ўқувчидан бири табиий фан, ўқиш ва математика бўйича зарур базавий кўникмаларни етарли даражада эгаллай олмаяпти. 2015–2025 йиллар оралиғида ташкилотга аъзо мамлакатларда ўқиш саводхонлиги бўйича ўртача натижа 28 баллга, математика бўйича эса 22 баллга пасайгани дунё таълим тизими олдида жиддий вазифалар турганини англатади.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА