Таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш – долзарб масала
Жиззах вилоятида таълим муассасаларининг қишга тайёргарлиги, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва GRACE дастури вазифалари юзасидан масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Жиззах вилоят таълим бошқармаси бошлиғи тизимдаги долзарб масалаларга бағишланган йиғилишда қиш мавсумига тайёргарлик, ўқувчилар хавфсизлиги ва белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратди.


Куз-қиш мавсумида таълим муассасаларини барқарор иситиш тизимини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боис йиғилишда иситиш ускуналарининг техник ҳолати, ёқилғи захиралари таҳлил қилинди. Ўқувчилар учун муносиб шароит яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Бу борада профилактик тадбирларни кучайтириш, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлиги таъкидланди. Таълим муассасалари, ота-оналар ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга ҳам эътибор қаратилди.


Мазкур йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрдаги "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги қонунида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳангдир. Унда таълим муассасалари зиммасига вояга етмаганларнинг ҳуқуқий тарбияси, таълим олиши ва мазмунли бандлигини таъминлашга қаратилган вазифалар юкланган.

Йиғилишда ёшларда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган халқаро GRACE дастури доирасидаги вазифалар ижроси ҳам кўриб чиқилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири