Таълим масканларининг куз-қиш мавсумига шайлиги доимий эътиборда
Куз-қиш мавсуми айни палласига кираётган бир пайтда ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, боғча ва мактабларни мавсумга тайёрлаш, барча шароитларни яратиш фарзандларимизнинг саломатлиги ва муносиб таълим-тарбия олишида алоҳида аҳамиятга эга.
Бу борада жойлардаги таълим-тарбия масканларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганиш, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараёнларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам жойларда қатор ўрганишлар олиб бориб, тегишли чора-тадбирларни кўришмоқда.
Хусусан, халқ депутатлари Бойсун туман Кенгаши депутати Ҳусниддин Саидов тумандаги 39-умумтаълим мактабида бўлиб, таълим муассасасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди. Ўрганиш жараёнида мактаб биносининг иситиш тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Қозонхонанинг техник ҳолати, иситиш ускуналарининг созлиги, иссиқлик тармоқларининг ҳолати ҳамда иссиқликнинг синфхоналарга бир маромда етказиб берилиши каби масалалар кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, синфхоналарнинг шароитлари, дераза ва эшикларнинг ҳолати, хоналарда иссиқликни сақлаш имкониятларига ҳам эътибор қаратилди. Мактаб маъмурияти билан мулоқотда иситиш тизими қанчалик яхши ишламасин, бинонинг иссиқликни сақлаш хусусияти талаб даражасида бўлмаса, энергия сарфи ортиши ва синфхоналарда керакли ҳароратни таъминлаш қийинлашиши мумкинлиги тушунтирилди.
Шунингдек, ёқилғи захираси етарлилиги, ундан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам кўздан кечирилди. Айниқса, иситиш ускуналарининг хавфсиз ишлаши, техник кўрикларнинг ўз вақтида ўтказилиши, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши ҳамда мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, таълим муассасаларининг мавсумга тайёргарлиги ҳамда ёнғин хавфсизлиги масалалари барча ҳудуддаги маҳаллий Кенгашлар депутатларининг доимий эътибор ва назоратида бўлиб турибди. Бу каби ўрганиш ишлари мунтазам олиб борилаётгани мавсумни беталафот ўтказиш ҳамда таълим масканларида хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова,
ЎзА