Талабаларни қийнаб келаётган муаммо бартараф этилади
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг Х съездида партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоди қўллаб-қувватланган Шавкат Мирзиёевнинг маърузасини катта қизиқиш билан тингладим.
Маърузада мамлакатимиз олий таълим муассасалари фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, талабаларнинг пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши, айниқса, яшаш шароитларини яхшилаш хусусидаги фикрлар мени жуда қувонтирди. Чунки олий таълим тизимидаги фаолиятим давомида мен энг кўп дуч келган, ҳам олий ўқув юрти раҳбариятини, ҳам талабаларни қийнааб келаётган муаммо талабалар тураржой масаласини бартараф этиш ҳақидаги гаплар жуда кўпчилик дилидаги гаплар эди.
Шавкат Мирзиёев ана шу масалани кўтариб, муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан жуда ўринли фикрларни илгари сурди.
Номзоднинг: “Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур”, деган фикри негизидаги халққа ёндошлик, инсон тамойилини биринчи ўринга чиқиши, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, муаммолари ечимига камарбаста бўлиш каби эзгу мақсадлар яққол намоён бўлди.
... Олий таълим муассасалари молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 25 фоиздан 12 фоизга туширилади.
... Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади”. деган сўзлари, таклиф ва фикрларини жуда ўринли, деб биламан ва тўла қўллаб-қувватлайман.
Кейинги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимида, олий ўқув юртларида рўй бераётган ижобий ўзгаришларни Андижон машинасозлик институти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Айни кунда Андижон машинасозлик институтидаги 28 та таълим йўналишида 6 минг 224 нафар талаба таҳсил олади. Институтимизнинг моддий-техника базаси, имкониятлари йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Ўқитиш ишлари илғор ва инновацион усуллар кенг жорий этилган ҳолда олиб бормоқда. Бундан ташқари, мавжуд 20 та ихтисослик бўйича таянч докторантуралар ташкил этилди. Илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун зарур барча имкониятлар яратилди.
Талабалар турар жойларини кўпайтириш, яшаш шароитларини яхшилаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар бажарилди. Ўтган йили 448 ўринли талабалар туррар-жойи мавжуд бўлган бўлса, жорий ўқув йилда турар-жойлар 648 тага етказилди. Жорий ва келгуси йилларда талабалар учун бир нечта ётоқхона қурилиши режалаштирилди.
Бир сўз билан айтганда, яқин йиллар ичида талабаларни қийнаб келаётган тураржой муаммоси тўла бартараф этилади.
Акмалжон ЭРМАТОВ,
Андижон машинасозлик институти проректори.
ЎзА