Талабаларга тегишли тартибда ижара пуллари тўлаб берилмоқда
Навоий давлат педагогика институтида ижарада яшовчи талабаларга ижара пулларининг 50 фоизи миқдоридаги маблағни тўлаб берилиши йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги “Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юртимиздаги олийгоҳларда ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган.
Жорий йилнинг сентябрь ойида белгиланган мезонлар асосида 928 нафар талабадан ариза келиб тушган бўлиб, улар институтда тузилган махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилди ва талабаларнинг 798 нафарига 50 фоизи миқдорида ижара пуллари тўлаб берилди. Октябрь ойида 1125 нафар талабага ижара пуллари тўлаб берилиши режалаштирилган.
– Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади, – дейди институтнинг Ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Хуршид Қурбонов. – Рўйхатга олинган доимий яшаш жойи доирасида ариза берувчиларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш амалга оширилмайди. Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлиши шарт. Ариза берувчи талаба тегишли маълумот ёки ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади. Аризалар институтда тузилган махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилади ва маблағ тўланиш ёки тўланмаслиги тўғрисида йиғилиш қарори қабул қилинади. Мазкур тартиб давлат ОТМнинг фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларига нисбатан татбиқ этилади.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2022 йил 8 октябрдаги 4/20-2/31 сонли хатига асосан, истисно тариқасида узоқ ҳудудлардан келган биринчи курс талабаларига сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси талаб этмасдан ижара пулини тўлаб берилиши белгиланган.
А.Бўриев, ЎзА