Талабалар ётоқхонасига маиший техникалар берилди
Тошкент давлат транспорт университетида прокурор ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда Транспорт прокуратураси прокурори Маъруфхон Хўжаев университет талабалари билан мулоқот қилди.
М.Хўжаев дастлаб университет ректори Одил Абдураҳманов ҳамроҳлигида талабалар шаҳарчасидаги шароитлар билан танишди. Хусусан, маданий дам олиш хонаси, ошхона, кир ювиш ва қуритиш каби хоналар кўздан кечирилди.


Университет ётоқхоналарида келгусида талабалар учун туну кун хизмат қиладиган кутубхона, ошхона ва тиббий хизматлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
– Бугун университетимиз ётоқхоналарида 61 нафардан зиёд талабалар яшаб, таълим олмоқда, – деди университет ректори. – Янги ўқув йилидан ушбу талабаларни университетнинг бўш ва талабалар бажара оладиган иш жойларига жойлаштириш ниятимиз бор. Шу сабаб университетда янги иш ўринларини яратиш бўйича қатор чоралар кўрилаяпти.
Учрашув якунида прокурор томонидан талабалар турар жойи учун маиший техника анжомлари совға сифатида топширилди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА