Талабалар учун замонавий ётоқхоналар сони ошадими?
Олий таълим тизимида талабаларни замонавий ва қулай турар жойлар билан таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Талабалар сонининг ортиши мавжуд ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжни кучайтирмоқда. Шу боис давлат бу соҳага хусусий секторни кенг жалб этиш, инвестицияларни рағбатлантириш ва янги ётоқхоналар қурилишини жадаллаштиришга қаратилган янги механизмларни жорий этмоқда.
Ҳукуматнинг 2026 йил 30 июндаги тегишли қарори билан талабалар турар жойларини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида қуриш ва молиялаштириш тартиби янгиланди. Янги тартиб хусусий инвесторларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, талабалар учун ётоқхоналар сонини кўпайтириш ва уларнинг сифатини яхшилашни мақсад қилади.
Янги тартибга мувофиқ, ДХШ лойиҳалари камида 200 ўринли талабалар турар жойлари учун амалга оширилади. Бу эса кичик ҳажмли лойиҳалар ўрнига кўпроқ талабани қамраб оладиган йирик ва самарали инфратузилмаларни барпо этишга хизмат қилади.
Қарорга кўра, давлат ҳар бир ётоқ ўрни учун қурилиш харажатларининг 50 фоизигача субсидия ажратади. Шунингдек, Давлат қабул комиссияси орқали жойлаштирилган талабаларнинг ётоқхонани сақлаш ва ундан фойдаланиш харажатларининг 50 фоизигача давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Бу эса ҳам тадбиркорлар, ҳам талабалар учун муҳим молиявий енгиллик яратади.
Яна бир муҳим янгилик — ётоқхонада бўш ўринлар қолган тақдирда уларга бошқа олий таълим муассасалари талабаларини ҳам жойлаштириш имконияти берилади. Бу мавжуд қувватлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Қарор тадбиркорлар учун ҳам қўшимча имкониятларни назарда тутади. Хусусан, ётоқхона учун ажратилган ер майдонида белгиланган ётоқ ўринларидан ташқари бўш ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Бу инвесторларнинг лойиҳаларга қизиқишини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, давлат субсидиялари махсус электрон платформа орқали талабаларнинг биометрик идентификацияси асосида ҳисобланади. Бу маблағларнинг манзилли ва шаффоф тақсимланишини таъминлашга қаратилган.
Қарор билан 2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат олий таълим ташкилотлари буюртмаси асосида тадбиркорлар томонидан 50 ўринли янги ётоқхоналар қуриш амалиёти бекор қилинди. Илгари бошланган лойиҳалар эса амалдаги шартномалар муддати тугагунга қадар давом эттирилади.
Умуман олганда, мазкур қарор талабалар турар жойлари инфратузилмасини ривожлантириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда талабалар учун муносиб яшаш шароитларини яратишга қаратилган муҳим қадам ҳисобланади. Янги механизм орқали қуриладиган замонавий ётоқхоналар талабаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва олий таълим тизими имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА