Талабалар учун ётоқхоналар қурилади
Талабанинг дарсларни пухта ўзлаштириши кўп жиҳатдан яшаш шароитининг яхши бўлишига боғлиқ. Айниқса, узоқ масофадан келиб илм олаётган талабалар учун.
Қарши давлат университети тасарруфидаги 7 та талабалар турар жойида 1 минг 186 нафар ёшлар истиқомат қилади. Таҳлилларга кўра университетда 4 минг 500 нафар талабанинг турар жойга эҳтиёжи бор.
Шу боис университет ректори Дилмурод Набиевнинг бевосита ташаббуси билан янги ўқув йилидан бошлаб мавжуд талабалар турар жойларини икки қаватли кроватлар билан таъминланиши натижасида 2021 йилнинг сентябр ойида 1 минг 671 нафар талаба турар жойга эга бўлади ва қамров кўрсаткичи 26 фоиздан 37 фоизга ортади.

Шунингдек, жорий йилнинг сентябр ойида 2 та ётоқхона таъмирланиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида яна қўшимча 800 ўрин яратилади ва қамров кўрсаткичи 2 минг 471 нафарга яъни 55 фоизга етади.
Бундан ташқари, талабаларни турар жой билан таъминлаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб 600 ўринли янги ётоқхонанинг қурилиши режалаштирилмоқда. Ушбу объектлар фойдаланишга топширилгач таълим муассасасидаги ёшларнинг 68 фоизи турар жойга эга бўлади. Уларга қулайлик яратиш мақсадида янги ўқув йилида талабалар турар жойлари ҳудудида алоҳида кир ювиш жойи қурилиб фойдаланишга топширилади. Яратилаётган шароитлар замирида эртамиз эгаларини маънан ва жисмонан етук инсонлар этиб тарбиялаш мақсади мужассам.
Таъкидлаш лозимки, янги ўқув йилида 1 минг 500 ўринли табиий фанлар ва педагогика факультетлари, 1 минг 200 ўринли физика-математика факультети бинолари капитал таъмирланади. Шунингдек, 1000 ўринга мўлжалланган хорижий тиллар факультети учун янги ўқув биноси қад ростлайди.

Ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишларига муносиб шароит яратиш мақсадида волейбол, баскетбол ва 3 та юмшоқ қопламали мини футбол майдонлари қайтадан таъмирланади. Юртимиз келажаги учун хизмат қиладиган иқтидорли, қобилиятли, илм-фанга меҳр қўйган ёшларга муносиб шароит яратиш Қарши Давлат университети учун устувор вазифа этиб белгиланган.
Ўлмас Баротов, ЎзА