Талабалар учун қўшалоқ байрам бўлди
Қарши давлат университетида ўқитувчи ва талабалар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 14 та факультет, 42 та кафедра мавжуд, 20 минг 481 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Университетда нафақат таълим сифатини ошириш, талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунда университет таркибида 9 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, талаба-ёшлар учун барча зарур шароитлар яратилаётир.
Университет талабалари учун Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги қўшалоқ байрамга айланди. Байрам арафасида талабалар турар жойлари, юмшоқ қопламалик стадион, волейбол, баскетбол ва мини футбол майдонлари, спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди. Капитал таъмирланган 2-, 3-, 7- ва 9-талабалар турар жойларига замонавий русумдаги кир ювиш машиналари, электр плиталар, телевизор ва компьютерлар келтирилди.
[gallery-4996]
Ҳар бир қаватдаги талабалар яшайдиган хоналарда икки қаватли кроватлар ўрнатилиб, шкаф, стол-стуллар янгиланди. Мебель жиҳозлари, китоб жавони ва барча керакли адабиётлар билан таъминланган ўқув заллари ташкил этилди, кир ювиш хоналари, ювиниш хонаси, ошхона ҳамда ҳожатхоналар қайта таъмирдан чиқарилди. Ҳар бир ётоқхона юқори тезликда ишлайдиган Wi-Fi қурилмаси билан таъминланди.
Талабалар нафақат интернет тармоғидан таълим жараёни учун бепул ва чекловларсиз фойдаланишлари балки, республикамизнинг барча олий таълим муассасалари ахборот ресурс марказларининг электрон базаларига кириш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, ётоқхоналарда бармоқ изларини идентификациялаш технологияси орқали ишлайдиган замонавий турникетлар ўрнатилмоқда. Мазкур турникетлар талабалар турар жойларида хавфсизлик нуқтаи-назаридан бегона шахсларнинг кирмаслигини, талабаларнинг ўз вақтида ётоқхоналарда бўлишини таъминлайди.
Мослаштириш жараёнларидан сўнг барча ётоқхоналарда сиғим сезиларли даражада кенгайди. Эндиликда 3-талабалар турар жойи (илгари 224 ўринли) 260 нафар ёшларни, 2-талабалар турар жойи (аввал 150 ўринли) 181 нафар ёшларни, 7-талабалар турар жойи (илгари 224 ўринли) 360 нафар ёшларни, шунингдек, 9- талабалар турар жойи ( аввал 90 ўринли) 170 нафар ёшларни ўз бағрига сиғдира олади. Шунингдек, тез орада 800 ўринга мўлжалланган 8-талабалар турар жойи ҳам фойдаланишга топширилади.
Жорий йил сентябрь ойида 1 минг 671 нафар талаба турар жойга эга бўлган бўлса, қўшимча ётоқхоналарнинг таъмирланиб фойдаланишга топширилиши эвазига қамров кўрсаткичи 2 минг 538 нафарга (55%) етади. Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилида яна умумий ҳажми 600 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Бугун шунингдек, талаба-ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш мақсадида барпо этилган мутлақо замонавий кўринишга эга 100х60 ўлчамдаги сунъий қопламалик университет бош стадиони, волейбол, баскетбол ва мини футбол майдонлари, 34х16 ўлчамдаги спорт зали ҳам фойдаланишга топширилди. Янгидан таъмирдан чиқарилган спорт залда волейбол, қўл тўпи, баскетбол ва мини футбол каби бир қатор спорт турлари билан шуғулланиш имконияти яратилган.
Айниқса университет бош ўйингоҳи нафақат олий таълим муассасаси талаба-ёшлари балки университетга ёндош маҳаллалар ёшлари учун ҳам ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Стадионда, шунингдек, енгил атлетика турларидан мусобақалар ўтказилиши ҳамда бу мусобақаларни 500 томошабин бевосита томоша қилиши мумкин.
Қарши давлат университетида яратилаётган шароитларнинг барчаси ёшлар учун, уларнинг замонавий билим олишларига қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ,ЎзА