Талабалар спортида янги босқич: кенг қамровли мусобақалар ва салмоқли натижалар
Ўзбекистонда ёшлар сиёсати, оммавий спортни ривожлантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президент ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат профессионал спорт, балки талабалар спорти тизимини ҳам янги босқичга олиб чиқмоқда. Бугун олий таълим муассасаларида спортга фақат дарсдан ташқари машғулот эмас, балки иқтидорли спортчиларни саралаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва халқаро майдон учун муносиб захира тайёрлашнинг муҳим бўғини сифатида қаралмоқда.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси томонидан амалга оширилган ишлар ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг амалий самарасини намоён этди. Илк бор ташкил этилган «Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси», анъанавий «Талабалар лигаси», «Баркамол авлод–2025/2026» мусобақаларида, халқаро майдондаги муваффақиятли иштирок ҳамда институционал ўзгаришлар талабалар спортини ривожлантиришнинг яхлит тизими шаклланаётганини кўрсатди.
Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси – мамлакат тарихидаги энг йирик лойиҳа
Жорий йилнинг 24 февраль куни Президентнинг ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шароитларни кенгайтириш ҳамда оммавий спорт ҳаракатини янада ривожлантириш бўйича қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур топшириқларнинг амалий ижроси сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида мамлакатимиз тарихида биринчи марта «Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси» ташкил этилди.
Мусобақаларга 2026 йил март ойида Тошкент шаҳридаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида тантанали старт берилди. Мусобақалар баскетбол 3х3, волейбол, гандбол, енгил атлетика, стол тенниси, сузиш ва футбол бўйича уч босқичда ташкил этилди.
Биринчи босқич – олий таълим муассасалари саралаш баҳслари 1–30 апрель кунлари ўтказилди. Унда республикадаги 170 та олий таълим муассасасидан 154 минг нафардан ортиқ талаба қатнашди. Бу мамлакатимиз талабалар спорти тарихида қайд этилган энг юқори қамров кўрсаткичларидан бири бўлди.
1–15 май кунлари ташкил этилган ҳудудий босқичларда 146 та олий таълим муассасасидан қарийб 10 минг нафар спортчи иштирок этди.

4–9 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Республика финал босқичи эса “Олимпия шаҳарчаси”, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Чирчиқ давлат педагогика университети спорт иншоотлари, Миллий футбол маркази ҳамда бошқа замонавий спорт мажмуаларида юқори савияда ташкил этилди.
Финал баҳсларида жами 2368 нафар иштирокчи қатнашди. Шундан 1920 нафари спортчи, 336 нафари мураббий, 112 нафари делегация вакиллари эди.
Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Фарғона давлат университети 7 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза медаль билан биринчи ўринни қўлга киритди. Урганч давлат университети 7 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медаль билан иккинчи, Қорақалпоқ давлат университети эса 4 та олтин ва 3 та кумуш медаль билан учинчи поғонадан жой олди.
Жисмоний тарбия ва спорт йўналиши мавжуд бўлмаган олий таълим муассасалари ўртасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ғолиб деб топилди. Кейинги ўринларни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети эгаллади.
Энг муҳими, мазкур Олимпиада нафақат ғолибларни аниқлади, балки мамлакатимизда талабалар спортини оммавий ҳаракат даражасига олиб чиқиш, университетлар ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш ва миллий терма жамоалар учун янги спортчилар захирасини яратишда муҳим аҳамият касб этди.
«Баркамол авлод» – узлуксиз спорт тизимининг муҳим бўғини
Профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасидаги «Баркамол авлод–2025/2026» мусобақалари ҳам юқори ташкилий савияда ўтказилди.
2025 йил ноябридан 2026 йил майига қадар давом этган мусобақалар 16 спорт турини қамраб олди. Мавсум давомида биринчи босқичларда 98 минг 673 нафар, туман ва шаҳар босқичларида 77 минг 568 нафар, ҳудудий босқичларда 24 минг 856 нафар спортчи иштирок этди. Республика финалига эса энг кучли 3094 нафар спортчи йўлланма олди.
Мусобақаларда академик лицейлар, техникумлар ва профессионал таълим муассасаларининг 224 та жамоаси қатнашди.

Республика финаллари дзюдо, бадминтон, енгил атлетика, эркин ва юнон-рум кураши, белбоғли кураш, шахмат, шашка, волейбол, баскетбол, кураш, стол тенниси, стритбол, стрит воркаут, футбол ва гандбол бўйича ташкил этилди.
Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳри биринчи, Бухоро вилояти иккинчи, Хоразм вилояти учинчи ўринни эгаллади.
9 июнь куни “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақаларнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль, эсдалик совғалари ҳамда Президент совғалари билан тақдирланди.
«Талабалар лигаси» рақобат муҳитини мустаҳкамлади
Олий таълим муассасалари ўртасидаги «Талабалар лигаси» ҳам ҳисобот даврида юқори савияда ташкил этилди.
Мусобақалар бадминтон, баскетбол, волейбол, гандбол, енгил атлетика, кураш, стол тенниси, футзал, шахмат, регби-7, сув полоси ва чим устидаги хоккей бўйича ўтказилди.
Республика финалларида 176 та жамоа ва 3346 нафар талаба иштирок этди. Улардан 1388 нафарини қизлар ташкил қилди.
Финал баҳслари Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида ўтказилди.

Мусобақалар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиб, 140 дан ортиқ ахборот материали эълон қилинди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Фарғона давлат университети, Термиз давлат университети, Наманган давлат университети, Бухоро давлат университети, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда бошқа олий таълим муассасалари вакиллари юқори натижалар қайд этди.
Халқаро майдонда муносиб иштирок
Ҳисобот даврида Ассоциация халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди.
2026 йилнинг 14–17 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Boğaziçi University ташаббуси билан ташкил этилган «45-Sports Fest 2026» халқаро спорт фестивалида мамлакатимиз делегацияси муносиб иштирок этди.
Дунёнинг 25 дан ортиқ давлати, 70 дан зиёд университети ҳамда 1000 нафардан зиёд спортчи қатнашган мусобақада мамлакатимиз шарафини Гулистон давлат университети, Урганч давлат университети ва Жаҳон иқтисодиёти ҳамда дипломатия университети талабалари ҳимоя қилди.

Гулистон давлат университетининг футзал жамоаси мусобақа чемпиони бўлди. Бадминтон бўйича Жамшидбек Туйчиев ва Фаррух Азадов эркаклар жуфтлиги баҳсларида олтин медални қўлга киритди. Жамшидбек Туйчиев ҳамда Гулноза Жуманазарова аралаш жуфтликлар баҳсида ҳам чемпионликни нишонлади.
Стол тенниси бўйича ҳам ўзбекистонлик талабалар ҳал қилувчи босқичларга қадар етиб бориб, совринли ўринлар учун муносиб кураш олиб борди.
Бу натижалар мамлакатимиз талабалар спорти халқаро майдонда ҳам рақобатбардош бўлиб бораётганини кўрсатади.
Институционал ислоҳотлар давом этмоқда
Ҳисобот даврида талабалар спортини бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ишлар ҳам изчил давом эттирилди.
Март ойида Тошкент шаҳрида олий таълим муассасалари спорт клублари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари учун республика ўқув-семинари ташкил этилди. Унда спорт клублари фаолиятини такомиллаштириш, мусобақаларни ташкил этиш сифати, замонавий бошқарув механизмларини жорий қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциациясининг навбатдан ташқари конференцияси ўтказилиб, ташкилотнинг янги таҳрирдаги устави тасдиқланди. Конференция қарорига мувофиқ Музаффар Пазилов Ассоциация Бош котиби этиб сайланди.
Конференцияда университетлар спорт клублари фаолиятини Халқаро университет спорти федерацияси (FISU) стандартлари асосида ташкил этиш, халқаро дастурларни кенгайтириш ҳамда университетларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган вазифалар белгилаб берилди.
Янги босқичнинг муҳим натижалари
2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижалари талабалар спорти мамлакатимизда изчил ва барқарор ривожланаётганини кўрсатди. Илк бор ташкил этилган «Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси» орқали 154 мингдан зиёд талаба спорт ҳаракатига жалб қилинди. «Баркамол авлод» мусобақалари узлуксиз спорт тизимини янада мустаҳкамлади, «Талабалар лигаси» эса университетлар ўртасидаги рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқди.
Шу билан бирга, халқаро мусобақалардаги муваффақиятлар, спорт клублари фаолиятини такомиллаштириш, FISU стандартларини жорий этиш ва бошқарув тизимини модернизация қилиш бўйича амалга оширилган ишлар талабалар спорти ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун талабалар спорти нафақат оммавийликни таъминлаш, балки юқори малакали спортчиларни тайёрлаш, миллий терма жамоалар учун захира шакллантириш ва мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонда юксалтиришнинг муҳим механизмига айланмоқда. Бу эса янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати ўзининг амалий самарасини бераётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА