“Талабалар сайли” маънавий-маърифий байрам тадбири ўтказилди
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 34 йиллиги ҳамда “Олтин даврим” шиори остида “Талабалар сайли” маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

Байрам сайлини Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Матлуба Қаҳҳорова кириш сўзи билан очиб берди. Байроғимиз нафақат Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи, балки халқимизнинг, шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган турли миллат ва элатларнинг тинчлиги, ҳамжиҳатлиги тимсолига айлангани таъкидланди.

– Байроғимиз – бу нафақат давлат рамзи, балки Ватанимиз тарихи, келажакка бўлган интилишимиз ва халқимизга хос жасоратнинг ифодасидир, – деди Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Ҳабибулло Садибақосев. – Унинг ҳар бир ранги, ҳар бир чизиғи бизга тинчлик, адолат, барқарорлик ва юксак орзу-мақсадлар йўлида бирлашиш зарурлигини эслатиб туради. Бугун академиямизда ўтказилган тадбир орқали Ватанимиз байроғини эъзозлаш ва унга муносиб авлод бўлиш энг олий вазифа эканлигини ёшларимизга яна бир бора эслатдик. Академиямизда таълим олаётган ҳар бир талаба – келажакда юртимизни тараққий топтиришга қодир, замонавий фикрлайдиган, фидойи мутахассис бўлиб етишига ишончимиз комил.
Байрам тадбирида талабалар томонидан шеър-қўшиқлар айтилди. Иштирокчилар эътиборига саҳна кўринишлари ҳавола этилди. Айниқса, давлат мукофоти ва стипендиялари совриндорлари бўлган иқтидорли талабаларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди.

Академия фойеси бўйлаб факультетлар томонидан жойлаштирилган кўргазма, миллий таомлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Турли номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланди.
Шунингдек, “Ёшлар ойлиги” доирасида талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида спортнинг футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари бўйича “Ректор кубоги” беллашувлари ҳам ўтказилади. Талабаларнинг билим доираси, тафаккурини ошириш мақсадида «Заковат» интеллектуал ўйинлари мунтазам ташкил этилади.
Н.Усмонова, ЎзА