Талабалар ўртасида ғазал айтиш танлови
Бобур номидаги Андижон вилояти театрида «Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур издошлари» деб номланган ғазал айтиш танлови ўтказилди.
Буюк мутафаккир, шоир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан ўтказилган мазкур танловда вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари иштирок этиб, улуғ шоирлар ғазалларини ёддан, чиройли айтиш бўйича ўзаро беллашдилар.
Танлов вилоят ҳокимининг «Андижон вилоятидаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган «Андижон ёшларни бирлаштиради!» шиори остида талабалар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги чора-тадбирлар доирасида ташкил этилди.
Иқтидорли, ижодкор, адабиётга, шеъриятга қизиқадиган талабалар улуғ ижодкорлар ғазаларини айтиш ва Навоий ва Бобур ижоди бўйича савол-жавоблар доирасида ўзларининг билим ва салоҳиятларини намойиш этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Ваҳобжон қизи бошчилигидаги нуфузли ҳакамлар хайъати талабаларнинг чиқишларини баҳолаб борди.
- Танловда талаба ёшларнинг фаол иштирок этганлиги мумтоз адабиётимиз, айниқса, Навоий ва Бобур ижодига қизиқувчи, уларнинг ғазалларини севиб ўқийдиган, ёддан биладиган ёшларимиз жуда кўп эканлиги бизни беҳад қувонтирди, - дейди “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари бош муҳаррири Саидаҳмад Шукуров. – Айниқса, ғазалларни юксак бадиий маҳорат ижро этганликлари алоҳида эътирофга муносиб.
Якунда 15 нафар талаба «Андижон ёшларни бирлаштиради!» шиори остида ўзтказиладиган фестиваль доирасида тақдирланиши учун тавсия этилди.
Ғолиблар ва барча иштирокчиларга Алишер Навоий ва Бобур Мирзо китоблари совға қилинди.
[gallery-1158]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА