Талабалар диктант ёзиш танловида баҳслашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган тўқимачилик саноати институтида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами муносабати билан Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўлими, Жисмоний тарбия ва ижтимоий фанлар кафедраси ҳамда институт Ахборот-ресурс маркази ҳамкорлигида талаба-ёшлар ўртасида ташкил этилган оммавий диктант ёзиш танловининг якуний босқичи ўтказилди.
[gallery-14147]
Институтдаги мавжуд 3 та факультетдаги 43 та академик гуруҳда ташкил этилган танловда сараланган 50 нафардан ортиқ талаба якуний босқичда саводхонлик даражасини синовдан ўтказди.
Танлов аввалида институт ректори, профессор Қурбонали Холиқов сўз олиб, бу каби лойиҳалар талаба-ёшларда тилимизга бўлган муҳаббатни янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
– Бугун “Тинчлик – улуғ неъмат!” мавзуида диктант ёздик, - дейди институт 1-босқич талабаси, танлов ғолибаси Рухшона Адҳамова. – Бу каби танловлар биз талабаларни дарсдан бўш вақтимизни мазмунли ташкил этиш, ўз устимизда ишлашимизда муҳим аҳамият касб этади.
Якунда диктантни бехато ёзган ва юқори натижаларни қайд этган ёшларга институт ректорининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА