Талабалар бандлигини таъминлаш – муҳим вазифа
Мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юз бераётган ўзгаришлар ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан катта тарихий аҳамиятга эга.
Жумладан, олий таълим муассасаларида МДҲ ва Европанинг қатор нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликдаги таълим дастурлари асосида ўқитиш қамрови кенгаймоқда.

Шу билан бирга олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим сифатини янада юқори босқичга олиб чиқиш ва уларни халқаро рейтингларга кириши муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бу каби ислоҳотлар нафақат юртимизда катта ижобий ўзгаришларга олиб келди, ҳатто халқаро майдонда ҳам мамлакатимиз обрў-эътиборини янги босқичга олиб чиқди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кенгашининг навбатдаги йиғилишида университетнинг халқаро рейтингини ошириш, Давлатимиз раҳбарининг олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида берган топшириғига мувофиқ университетда талабалар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, университетда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида 2021-2022 ўқув йили қишки семестр якунлари, университет Қабул комиссиясининг 2021/2022 ўқув йили бўйича ҳисоботи ”Scоpus” базасида индексация қилинган журналларда нашр қилинган мақолалар муаллифларини рағбатлантириш, университет профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув ва илмий адабиётларни нашрга тавсия этиш ва бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

ЎзМУ Ахборот хизмати,
ЎзА