“Талабалар баҳори” фестивали
Байрамнинг ажиб онларини эсда қоларли ва хурсандчиликда ўтказиш учун Бухоро давлат педагогика институти жамоаси “Талабалар баҳори” фестивалини ўтказди.
Талаба-ёшларнинг байрам тадбирига турли хил миллий либосларда чиқиши баҳор келганидан дарак берди. Шунингдек, бир-биридан ажойиб ўзбек миллий қадриятлари ва анъаналари акс этган дастурлар намойиш этилди.
–Бугун шодлик ва кўтаринки руҳда рақсга тушаётган қиз-йигитлар, миллий ўйинларни хурсандчилик билан ўйнаётган ёшларни кўриб кўзимиз қувнамоқда, – дейди Бошланғич таълим кафедраси мудири Моҳинур Саидова. – Миллий байрамимиз бўлган Наврўзи олам қалбларимизга сурур, кўнгилларимизга ҳаловат бағишламоқда. Баҳорнинг кириб келганини ёшларнинг нигоҳида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-16547]
Бир тарафда миллий таомлардан ҳалим ва сумалаклар тайёрланиб, спортчи талаба ва полвонлар ўзларининг кураш тушиш маҳоратлари билан барчани хурсанд қилган бўлса, иккинчи тарафда миллий қўшиқларни маромида куйлаётган талаба қиз-йигитлар хониши барчага бирдай ёқди.
–Институтимизда бу йилги Наврўз бошқача ўтмоқда, –дейди институт талабаси Фарангиз Раззоқова. –Барча бир-бирини самимий қутламоқда, айниқса, талабалар бирлашиб, турли ўйинларни ўйнаяпмиз. Қолаверса, сумалак, палов, кўк сомса каби миллий таомларимизни пиширдик. Наврўз ҳақиқатдан ҳам, барчани бирдамликка чорловчи, янгиланиш яшариш байрамидир.
Тадбир сўнггида “Олам нурга тўлсин сен билан Наврўз!” шиори остида ташкил этилган “Талабалар баҳори” танлови ғолиблари тақдирланди. Танловда совриндор деб топилган факультет жамоаларига диплом ва пул мукофотлари топширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари