“TalabaEXPO – 2026” ёшлар келажагига хизмат қилаётган муҳим майдон
Қарши давлат университетида олий таълим муассасалари битирувчи талабалари учун ташкил этилган “TalabaEXPO – 2026” касб кўргазмаси ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва меҳнат бозорига интеграциясини кучайтиришга қаратилган муҳим тадбирлардан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзмиллийбанк” АЖ, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда “Келажакка қадам” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазма талаба-ёшлар ва иш берувчиларни бир майдонда учраштирган амалий мулоқот платформаси сифатида аҳамият касб этди.
– Тадбирда жамоамиз билан яратган электромобилимиз билан қатнашдик, – дейди Қарши давлат техника университети талабаси Фазлиддин Маҳмадиев. – Мазкур лойиҳа “Келажак муҳандислари” фестивалида иштирок этиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, танловда фахрли 3-ўринни қўлга киритди. Ушбу электромобилимиз икки ой давомида ишлаб чиқилган, 20 кун лойиҳалаш ишларига, яна 20 кун эса каркас ва кузов қисмини тайёрлашга сарфланди. Электромобилнинг кузови енгил профилдан ясалиб, усти дюралюминий билан қопланган. Транспорт воситаси тўлиқ электр энергияси асосида ҳаракатланади. Унга 48 вольтли, 20 амперли аккумулятор ўрнатилган бўлиб, мотор қуввати 0,5 киловаттни ташкил этади. Бир марталик қувват билан 45-50 километр масофани босиб ўта олади. Максимал тезлиги соатига 45 километрга тенг. Бу синов тариқасида тайёрланган лойиҳа бўлиб, асосий эътибор экологик софликка қаратилган.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, олий таълим муассасаларини битираётган ёшларнинг ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш топиши, меҳнат фаолиятини аниқ мақсад асосида бошлаши муҳим аҳамиятга эга. “TalabaEXPO – 2026” ана шу мақсадларга хизмат қилгани билан эътиборли бўлди.
Кўргазма доирасида талабалар учун бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Турли соҳаларда фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд вакансиялар ҳақида маълумот бериб, битирувчилар билан тўғридан-тўғри суҳбатлар ўтказди. Бу эса ёшларга меҳнат бозоридаги эҳтиёж ва имкониятлар ҳақида амалий тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.
Тадбирда тадбиркорликка қизиққан ёшларга алоҳида эътибор қаратилди. “Келажакка қадам” дастури доирасида имтиёзли кредитлар, бизнес юритиш механизмлари ва молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Истиқболли бизнес ғоялар қабул қилиниб, ёшларнинг ташаббусларини амалга ошириш юзасидан маслаҳатлар берилди.
[gallery-29342]
“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан замонавий банк хизматлари ва молиявий маҳсулотлар тақдимоти ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёшларга бизнесни бошлаш, лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда кредит олиш тартиблари бўйича тушунчалар берилди.
– Ҳозирда қулупнайни гидропоника усулида етиштиришга қаратилган инновацион стартап лойиҳамизни тақдим этмоқдамиз, – дейди ҚарДУнинг биринчи босқич талабаси Муроджон Каримов. – Ушбу усул орқали беш ойдан буён қулупнай етиштиряпмиз. Айни пайтда бир қатордан ўртача 2 килограмм ҳосил олинмоқда. Гидропоника усули анъанавий усулга нисбатан анча тежамкор бўлиб, кам харажат эвазига юқори ҳосил олиш имконини беради. Лойиҳа доирасида узунлиги 3 метр, диаметри 10 сантиметр бўлган 6 та қувурдан иборат махсус тизим ишлаб чиқилди. Бу орқали 60-80 килограммгача ҳосил олиш имконияти яратилмоқда. Ҳозирда лойиҳа синов босқичида.
Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, иштирокчилар учун “Талаба – келажак” мулоқот майдончалари ташкил қилиниб, бандлик ва ижтимоий ҳимоя хизматлари, касбий йўналтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатилди. Айрим талабалар хусусий корхоналарга ташриф буюриб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Бу эса назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.
Кенг қамровли ярмаркада 141 нафар иш берувчи тадбиркор иштирок этди. Унда 8 минг 560 нафар талаба қатнашиб, 3 минг 412 та ариза қабул қилинди. 2 минг 109 нафар талаба иш берувчилар билан суҳбатдан ўтган бўлса, 395 нафар иштирокчининг келгусидаги иш жойи аниқлаштирилди. Шунингдек, 94 нафар ёш тадбиркорлик йўналишига йўналтирилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай тадбирлар ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши, иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши ҳамда ўз ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариши учун муҳим имконият яратади. Энг муҳими, бу каби амалий майдонлар ёшларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, уларни фаол ва ташаббускор бўлишга ундайди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари