Талаба-ёшлар сайловда фаол иштирок этади
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида миллий сайлов қонунчилигимиз ва жорий йилнинг 24-октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик жараёнларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси раиси С.Саттаров ва Марказий сайлов комиссияси аъзоси М.Қодирова талаба-ёшларга воҳада муҳим сиёсий жараёнга ҳар тарафлама пухта ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берди.

Жорий йилги сайловнинг ўзига хос хусусиятлари, округ ҳудудида ташкил этилган 860 та сайлов участкасида Сайлов кодексига мувофиқ олиб борилаётган ишлар, мамлакатимизда белгиланган карантин қоидаларига риоя этиш учун яратилаётган шароитлар хусусида фикр алмашди. Вилоятда муҳим жараённи очиқ, ошкора ва умумэътироф этилган мезонлар асосида ўтказиш учун барча шароит яратилаётгани қайд этилди.
–Бўлажак сайлов менинг ҳаётимда муҳим из қолдиради, – дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали талабаси Ўрол Тожиев.¬ – Чунки бу жараёнда мен ҳам фаол иштирок этиб, мамлакатимиз келажаги, тинч ва фаровон турмушимиз учун овоз бераман.

Айни пайтда транспорт иншоотлари эксплутацияси йўналишида ўқиб, соҳа сирларини қунт билан эгаллаяпман. Бугунги учрашувда миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараён ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим.
Жорий йилда ташкил этилганига беш йил бўлаётган мазкур таълим муассасасида 4 минг 298 нафар йигит-қиз ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганмоқда.

Уларнинг 1 минг 31 нафари шу йил талабаликка қабул қилинган ёшлардир. Бўлажак сайловда 600 нафар талаба илк марта овоз беради.
Учрашувда талаба-ёшлар сайлов жараёнлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА