“Talaba Expo – 2026” улкан имкониятлар майдонига айланди
Термиз шаҳридаги “Бобур” истироҳат боғида ёшлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчи йигит-қизлари учун “Talaba Expo – 2026” кўргазма ярмаркаси бўлиб ўтди.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти, Oлий таълим, фан ва иннoвациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдo-санoат палатаси ҳамда Сурхондарё вилoяти ҳoкимлиги ҳамкoрлигида ташкил этилган нуфузли тадбир ёшлар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб, рағбатлантиришга қаратилгани билан иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Кўргазма ярмарканинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари вазифасини бажарувчи О. Ашуров, Oлий таълим, фан ва иннoвациялар вазири биринчи ўринбосари С.Раджабов, “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти “Келажакка қадам” маркази раҳбари Э. Ҳошимовлар мамлакатимизда олий таълим муассасалари битирувчилари ва ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланганини таъкидлади. Бу борада жанубдаги вилоятда ҳам муайян ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
[gallery-29097]
Президентимизнинг жорий йил 24 февралда ёшлар билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят бош бошқармаси ходимлари ёшлар ва олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлашга, бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаб, уларни тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Маълумотларга кўра, жорий йил мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олий таълим муассасаларини 20 минг 934 нафар сурхондарёлик йигит-қиз тугатади. Воҳадаги олтита олий таълим даргоҳини 16 минг 120 талаба битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади.
Вилоятда уларнинг бандлигини таъминлаш учун 31 ёшгача бўлган тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшлар ва битирувчиларнинг тадбиркорлик ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун “Келажак тадбиркори” дастури йўлга қўйилиб, 57 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Ана шу маблағнинг 12 миллиард сўми савдо хизмати кўрсатиш, 7 миллиард сўми ишлаб чиқариш, 6 миллиард сўми автомобилларга хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилмоқда. Тиббиёт ва таълим хизматларига 9 миллиард, маиший хизматлар кўрсатишга 4 миллиард, умумий овқатланиш хизмат кўрсатиш ҳамда IT ва ахборот технологияларининг ҳар бирига 3 миллиард, уй меҳмонхоналари ва тикувчилик йўналишига 5 миллиард, ўзини ўзи банд қилувчилар учун 8 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган.
“Келажак тадбиркори” дастури доирасида янги кредит маҳсулотлари ишлаб чиқилиб, Марказий банк асосий ставкасидан 1 фоиз юқори яъни 15 фоиздан таклиф этилмоқда. Банк ходимлари битирувчиларнинг бизнес ғоясини тайёр лойиҳага айлантириш учун зарур билим ва амалиётдаги тажрибалари ҳамда намунавий тайёр лойиҳалар билан кўмаклашмоқда. “Менинг биринчи касбим” дастурини йўлга қўйиш орқали 2 минг 800 нафар талаба-ёшнинг бандлиги таъминланади. Битирувчилар ўртасида танлов ўтказилиб, уларга амалиёт даври учун ойига икки миллион сўмгача стипендия ажратиш жорий қилинмоқда. Ўтган даврда “Келажакка қадам” лойиҳаси бўйича ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган 518 нафар йигит-қиз ва битирувчига 16,2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. “Келажак тадбиркори” дастури доирасида 167 битирувчи талабага кредит ажратилиб, уларнинг ғоялари қўллаб-қувватланди.
– Бу йил таълим муассасамизни 1 минг 690 дан ортиқ талаба битирмоқда, – дейди Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори Ойбек Рўзиев. – Уларнинг 1 минг 150 дан зиёди ўз иш жойига эга бўлди. 68 нафар талабанинг бизнес ғоясининг “Келажакка қадам” маркази қўллаб-қувватлаб, уларга 5 миллиард 280 миллион сўм кредит ажратди. Яқин кунларда яна етти талабамизнинг ғояси учун 2 миллиард 100 миллион сўм ажратилади. Бугунги кўргазма ярмаркада ҳам юзга яқин талабамиз ишга жойлашиш учун шартнома тузди.
Битирувчилар ярмаркасида юздан ортиқ корхона, ташкилот ва тадбиркорлик субъекти 1 минг 300 дан ортиқ бўш иш ўрни ҳамда амалиёт имкониятларини тақдим этди. Ёшларнинг иш берувчилар билан мулоқот қилиши учун қулай шароит яратилиб, “Келажакка қадам” дастурининг “Тадбиркорликка илк қадам”, “Бизнес старт”, “Бизнес прогресс”, “Талаба инвест”, “Менинг биринчи касбим” йўналишлари тўғрисида етарли маълумот берилди.
Байрамона руҳда ўтган ярмарка билан 9 минг 200 дан ортиқ талаба танишиб, қарийб 500 нафари ишга жойлашиш учун шартнома тузди. 30 дан ортиқ бизнес лойиҳани молиялаштириш учун кредит маблағи ажратиладиган бўлди.
“Talaba Expo – 2026” кўргазма ярмаркаси ёшлар учун улкан имкониятлар майдони, мустақил ҳаётга йўлланма олаётган ёш тадбиркорлар ғоясини рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган ишончли кўмакчи экани намоён бўлди. Бугун олий таълим муассасаларини битираётган ёшлар ҳам инновацион лойиҳалари билан олдинги талабалардан иқтидорли, билимли, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чанқоқ ва изланувчан эканини намойиш этди. Масалан, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти химия йўналиши битирувчи талабаси Мафтуна Абдуназарованинг бавосил ва аёллар саратони касалликларини таблетка ва эритма билан даволаш лойиҳаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
– Малҳамларимиз тажрибадан яхши ўтди, – дейди Мафтуна Абдуназарова. – Тажрибада синаб кўрган беморлар тиғсиз шифо топишди. Бунинг учун изланиб, қадимда аждодларимиз тоғу даштларимизда ўсадиган гиёҳлар ёрдамида бу касалликларни даволашганини топдим. Энди уни замонавий усулда ишлаб чиқарсак, шу касалликлардан азият чекаётганларга нафимиз тегади.
Кўргазма ярмарка ташкилотчилари изланувчан талабага уни янада мукаммаллаштиришни тавсия этиб, келгусида қўллаб-қувватлаш ғоясини илгари сурди.
Тадбирда нафақат битирувчи йигит-қизлар, балки бошланғич курслар талабаларининг лойиҳа ва ғоялари ҳам иштирокчиларга қувонч улашди. Мисол учун, Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети транспорт воситалари муҳандиси йўналиши биринчи курс талабаси Шахбоз Алимовнинг “Автоном лазерли пиёдалар ўтиш тизими” лойиҳаси пиёдалар йўлларида транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини тартибга келтиришда энергия тежамкор, ишончли замонавий технологиялардан фойдаланишга қаратилган. Қурилма ихчам қуёш панели билан ишлайди. Пиёда йўлакчага яқинлашиши билан қурилма ишга тушиб, йўлакчага лазер нурини таратади. Бу ҳайдовчи учун тўхташ ишораси вазифасини бажаради.
– Қурилма айниқса, халқаро аҳамиятдаги тартибга солинмаган йўллар йўлакчаларида ҳаракат хавфсизлигини лазер нури ёрдамида ишончли таъминлаб туради, – дейди лойиҳа муаллифи Ш. Алимов. – Ҳайдовчи йўлакчага пиёда яқинлашганини 150 метр узоқликдан бемалол кўради. Электр энергияси сарфланмайди. Ундан Термиз шаҳридаги ёритиш чироғи билан тартибга солинмаган йўлда фойдаланиш учун дастлабки буюртмани олдик. Қурилма ўрнатилгач, ўн йил ишлашига кафолат берилади.
Термизда ўтказилган “Talaba Expo – 2026” ярмаркаси эсда қоларли лаҳзаларга бой бўлди. Маданий тадбирлар ташкил этилди. Кураш, стол тенниси каби қатор спорт турлари бўйича қизиқарли мусобақалар уюштирилиб, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланди. Талабаларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит маблағи ваучерлари тантанали топширилди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА мухбирлари