Талаб ортиб, қувурлар янги бозорларга чиқарилмоқда
Янгиер шаҳрида замонавий технологиялар асосида полиэтилен қувурлар ишлаб чиқараётган “Yangiyer Poliyetilen Syenter” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, қисқа вақт ичида корхонада ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот турлари ва буюртмачилар доираси сезиларли даражада кенгайди.
Корхонада дастлаб 10–15 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 10–15 нафар ишчи меҳнат қилган бўлса, бугунга келиб маҳсулот турлари 22 тадан, ишлаётган ишчилар сони эса 30 нафардан ошди.
Бироқ бу натижага бирданига эришилгани йўқ. Бунинг учун тадбиркорнинг тадбиркорлик соҳасидаги тажрибаси қўл келди. Унга, асосан, янги технологияларни ўзлаштириш ва бозор талабини ўрганиш билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнини босқичма-босқич такомиллаштиришга тўғри келди. Бу эса эришилган натижаларнинг муҳим омили бўлди.
Дастлаб хомашё масаласи ҳал этилган пайтда харидор топиш, харидор пайдо бўлганида эса хомашё таъминотини йўлга қўйиш каби муаммолар юзага келган. Аммо тадбиркор бошлаган ишидан воз кечмади. Изланди, ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштирди, маҳсулот турларини кўпайтирди ва янги бозорларни қидирди. Бугун ана шу меҳнат ва изланишлар ўз самарасини бермоқда.
Энг муҳими, лойиҳа қиймати 1,5 миллион АҚШ доллари бўлган корхонани ташкил этиш, Хитойдан замонавий технология ва ускуналарни олиб келиш, уларни ўрнатиш ҳамда ишга тушириш учун тадбиркор томонидан 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Айни пайтда корхонанинг асосий харидорлари қишлоқ хўжалиги субъектлари ҳисобланади. Маҳсулотлар нафақат Сирдарё вилояти, балки Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларига, шунингдек, Тожикистон Республикасига ҳам етказиб берилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида анъанавий суғориш усулларига муқобил равишда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларига талаб ортиб бормоқда. Бу усуллар сувдан тежамкор фойдаланиш, меҳнат ва эксплуатация харажатларини камайтириш, экинларни меъёрда суғориш орқали ҳосилдорликни оширишга замин яратади. Натижада фермер ва кластерлар ресурслардан самарали фойдаланиб, етиштирилаётган маҳсулот таннархини мақбуллаштиришга эришмоқда.
Бозордаги ушбу талабни инобатга олган тадбиркор корхона фаолиятини фақат полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш билан чеклаб қолмасдан, маҳсулот турларини кенгайтиришга қарор қилди. Шу боис корхонада ёмғирлатиб суғориш қурилмалари, томчилатиб суғориш қувурлари ҳамда улар учун зарур бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйди.
Бу эса ички бозордаги эҳтиёжни қоплаш, янги бозор сегментларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.
— Ишлаб чиқаришни кенгайтиришда, аввало, истеъмолчилар талабига таянамиз. Айни пайтда ойига ўртача 50 тонна маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Янги линиялар ишга туширилиши билан ҳажмни ошириш ва маҳсулот турларини кўпайтириш учун янада кенг шароит пайдо бўлади. Бу эса қўшимча иш ўринлари ташкил этишга туртки беради, — дейди корхона иш бошқарувчиси Анвар Раҳмонқулов.
[gallery-31469]
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида корхонада ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган яна бир янгиликка қўл урилди. Хусусан, Хитойдан диаметри 110–400 миллиметр бўлган полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 130 минг долларлик қўшимча цех ҳамда ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш тизимлари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган 120 минг долларлик линия келтирилди. Айни вақтда янги линияларни ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Эътиборлиси, яқин кунларда янги қувватлар ишга туширилиши натижасида ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ошиши баробарида, қўшимча 10–15 та янги иш ўрни ҳам яратилади.
Шунга яраша, корхонада меҳнат қилаётган ишчиларнинг иш ҳақи ҳам муносиб тарзда тўлаб берилмоқда. Бажараётган иши ва вазифасига қараб, ходимлар ойига 5 миллион сўмдан 20 миллион сўмгача иш ҳақи оляпти. Асосийси, ходимларнинг самарали меҳнат қилиши ва бўш вақтида дам олиши учун зарур шароитлар яратилган. Айниқса, ходимларга кунига икки маҳал корхона томонидан бепул иссиқ овқат берилиши уларнинг қўшимча харажатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Корхонада хомашё таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Полиэтиленнинг бир қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, жумладан, Шўртан газ-кимё мажмуасидан харид қилинса, муайян қисми Хитойдан келтирилмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланилган эски полиэтилен қувурлар, жумладан, ғўза қатор ораларида, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларида ишлатилган қувурлар қайта сотиб олиниб, тозаланади, ювилади ва қайта ишланади. Ҳосил бўлган гранула яна ишлаб чиқариш жараёнига қайтарилади.
Бу усул, аввало, хомашё харажатларини мақбуллаштиришга ёрдам бермоқда. Ишлатилган полиэтиленни қайта хомашёга айлантириш орқали бирламчи хомашёга бўлган эҳтиёжнинг муайян қисми қопланади. Шу билан бирга, чиқиндилар ҳажми камайиб, хомашёдан такроран фойдаланиш орқали қўшимча иқтисодий қиймат яратилмоқда.
— Ҳозир хомашёнинг маълум қисмини ўзимиз қайта ишлаб оламиз, бир қисмини Шўртан газ-кимё мажмуасидан, қолганини эса Хитойдан харид қиламиз. Бу ерда хомашёнинг нархи ҳам муҳим. Қайси манбада сифат ва нарх жиҳатидан мақбул шартлар бўлса, шундан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз, — дейди Анвар Раҳмонқулов.
Корхона фаолияти фақат қувур ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Истеъмолчига етказиб берилган, диаметри 16 миллиметрдан 400 миллиметргача бўлган қувурларни буюртма асосида демонтаж қилиш, ўрнатиш ва улаш ишларини бажарадиган махсус бригада ҳам фаолият юритмоқда. Бунинг учун турли ўлчамдаги қувурларни демонтаж қилиш, ўрнатиш ва бириктиришга зарур воситалар мавжуд. Мазкур хизмат турининг йўлга қўйилиши маҳаллий аҳоли, айниқса, ёшларни мавсумий иш билан таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Айни пайтда бригада таркибида 10–15 нафарга яқин маҳаллий ёш меҳнат қилмоқда.
Ишлаб чиқарилаётган полиэтилен қувурларнинг биржа орқали реализация қилиниши ҳам корхона фаолиятини тизимли йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда маҳсулот сифати, рақобатбардошлиги ва харидорлар эҳтиёжига мослиги асосий мезонлардан саналади.
Полиэтилен қувурларнинг қўлланиш соҳаси эса қишлоқ хўжалиги билан чекланмайди. Бундай маҳсулотларга қурилиш, инфратузилма, муҳандислик тармоқлари ва бошқа йўналишларда ҳам талаб мавжуд. Бу эса корхонага келгусида маҳсулот турларини янада кўпайтириш ва янги бозорларга чиқиш учун замин яратади.
Муҳими, тадбиркорликда сармоянинг ўзи кифоя эмас. Уни замонавий технология, сифатли маҳсулот, бозор талаби ва изчил меҳнат билан уйғунлаштириш зарур. Янгиердаги корхонада бу жараён босқичма-босқич йўлга қўйилмоқда. Энди асосий мақсад — ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш, маҳсулот турларини кўпайтириш, янги бозорларга чиқиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА