Таэкввондо WТ: Олимпия ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашидовнинг техник имкониятлари илмий асосда таҳлил қилинди
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Илмий тадқиқотлар марказида таэквондо WТ бўйича икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашидовнинг зарба кучи, тезлиги ва аниқлиги якка курашчи зарбаларини ўлчашга мўлжалланган дастурли аппарат мажмуаси ёрдамида таҳлил қилинди.
Илмий изланишлар давомида маҳоратли таэквондочининг зарба бериш биомеханикаси, ҳаракат координацияси, мувозанати, тезкорлиги ва тана сегментлари ўртасидаги узвий боғлиқликлар чуқур ўрганилди.
Олинган натижалар асосида спортчининг индивидуал биомеханик модели яратилади ҳамда техник ҳаракатларни янада такомиллаштириш, спорт натижадорлигини ошириш ва жароҳатлар хавфини камайтиришга қаратилган илмий тавсиялар ишлаб чиқилади.

Мазкур тадқиқотлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт биомеханикаси йўналишида олиб борилаётган илмий ишларга янги суръат бағишлайди.
Сунъий интеллект, рақамли ҳаракат таҳлили ва замонавий биомеханик технологияларни спорт тайёргарлиги жараёнига интеграция қилиш орқали юқори малакали спортчиларнинг функционал имкониятларини илмий асосда баҳолаш ва ривожлантириш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда.
Спорт биомеханикаси лабораторияси мамлакатимиз спортчиларининг халқаро майдондаги муваффақиятларини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг техник тайёргарлигини такомиллаштириш ҳамда спорт фанини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам саналади.
Т.Рўзиев, ЎзА