Таэквондо ITF: Жаҳон кубогида беш марта юртимиз мадҳияси янгради
Испаниянинг Бенидорм шаҳрида таэквондо ITF бўйича ўтказилган жаҳон кубоги мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 17 та медаллар шодасини қўлга киритди.
Дунёнинг 57 та мамлакатидан 259 та таэквондо жамоалари ва улар таркибидаги 2 минг 680 нафардан зиёд ёш спортчилар иштирок этган нуфузли мусобақада 37 нафар таэквондочимиз ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб борди.

Шиддатли ва муросасиз кечган беллашувлар якунида ҳамюртларимиз 5 та олтин, 4 та кумуш ва 8 та бронза медалига эга чиққан ҳолда умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллади.

Бугун, 6 октябрь куни куннинг иккинчи яримида жаҳон кубогида муваффақиятга эришган Ўзбекистон таэквондо ITF терма жамоаси аъзолари Тошкент халқаро аэропортида кутиб олиниши режалаштирилмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА