Тадбиркорлик йўлидаги амалий рағбат
Нозима Аҳмаджонова Тошкент дизайн касб-ҳунар коллежини тамомлаб, тикувчилик цехи ташкил этган. Ўзи каби бир гуруҳ қизлар ишлайдиган ушбу цехда тайёрланган либосларнинг бозори чаққон. Сабаби, бу кийимлар миллий ва замонавий анъаналарни ўзида уйғунлаштирган.
Нозима Аҳмаджонова Тошкент дизайн касб-ҳунар коллежини тамомлаб, тикувчилик цехи ташкил этган. Ўзи каби бир гуруҳ қизлар ишлайдиган ушбу цехда тайёрланган либосларнинг бозори чаққон. Сабаби, бу кийимлар миллий ва замонавий анъаналарни ўзида уйғунлаштирган.Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилган "Ўзбекистонда молия секторини қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси Нозима сингари кўплаб қизларнинг ўз тадбиркорлигини бошлашида муҳим пойдевор бўлмоқда.
Мазкур лойиҳа сарҳисобига бағишланган анжуманга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, банк-молия идораларининг мутасаддилари, экспертлар, тадбиркор хотин-қизлар таклиф этилди.
Германия Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фонди ва юртимиздаги бир қатор банк тузилмалари билан биргаликда ҳаётга татбиқ этилган "Ўзбекистонда молия секторини қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, фаолиятини энди бошлаган тадбиркорларга бизнесни юритиш бўйича яқиндан кўмаклашишдан иборат.
2012 йилда бошланган лойиҳа доирасида юртимизнинг барча ҳудудларида ахборот-маслаҳат гуруҳлари ташкил этилиб, бизнес-тренерлар тайёрланди. Аёллар учун микрокредитлар ажратилиб, юртимиз ва хорижлик экспертлар иштирокида молиявий саводхонликни ошириш юзасидан семинар-тренинглар ташкил этилди. Коллеж ўқувчиларининг тадбиркорлик кўникмасини юксалтириш бўйича туркум машғулотлар ўтказилди. Ишбилармонлик маданиятини ошириш юзасидан туркум қўлланмалар чоп этилиб, тарқатилди. Амалга оширилган ишлар натижасида кўплаб аёллар кредит билан таъминланиб, ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Бунинг самарасида кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
– Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлиги ишбилармонликнинг энг яхши йўналиши сифатида ўзини намоён этди, – дейди Германия Халқаро ҳамкорлик бўйича жамғарма кассалари фондининг департамент директори Матиас Фосс. – Хотин-қизлар зийраклиги, масъулият ва ишончни чуқур ҳис этиши, мақсад сари қатъий интилиши билан бизнесда яхши натижаларга эришмоқда. Ўзбекистонда аёлларнинг фарзандли бўлиши жараёнида иш жойи, меҳнатга оид имтиёзлари тўлиқ сақланиб қолиши менда ғоят катта таассурот қолдирди. Лойиҳанинг муваффақиятли якунлангани мамлакатингизда тадбиркорлик соҳасидаги кенг имкониятлар, ёшлар, аёллар манфаати йўлидаги рағбат ва эътиборнинг амалий самарасидир.
– Лойиҳа доирасидаги бизнес машғулотлар тўгарак тарзида олиб борилиб, уларга коллеж ўқувчилари билан бирга, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари, шунингдек, уюшмаган ёшлар ҳам кенг жалб этилди, – дейди Сирдарё вилоятидаги Мирзаобод хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Малоҳат Мавлонова. – Бу эса кўплаб ёшларнинг ўз тадбиркорлик ишини бошлаши учун дастлабки старт вазифасини ўтади.
Тадбир якунида лойиҳа натижалари давомийлигини таъминлаш бўйича режалар ишлаб чиқилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.