Тадбиркорлик – тараққиёт гарови
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Андижонда ҳуқуқ-тартибот идоралари, солиқ, банк тизими вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган тадбирда тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга имтиёзли кредитлар бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
– Жорий йилда вилоятдаги 117 касб-ҳунар коллежининг 1 минг 452 нафар битирувчиси, жумладан, 363 нафар қиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган, – дейди Андижон вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи А.Маъмиров. – Айни пайтга қадар 742 нафар битирувчига 9 миллиард 721 млиллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Туман, шаҳар ҳокимликлари, банклар билан ҳамкорликда кредитлар тақдим этиш борасидаги ишлар режа асосида давом эттирилмоқда.
Тадбирда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, бизнес юритиш истагидаги ёшларга имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар эркин фаолият юритиши учун зарур муҳитни шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.