Тадбиркорларнинг яқин кўмакчиси
Навоий шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил этилган “Бир ойна” бўлими ижтимоий таъминот, таълим, соғлиқни сақлаш, бандликни таъминлаш, фуқароларнинг чет элда иш фаолиятини амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий маслаҳат бериш борасида аҳоли, айниқса, тадбиркорларнинг яқин кўмакчисига айланган.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни тобора юксалмоқда. Хусусан, жойларда ташкил этилган “Бир ойна” бўлимлари тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларга белгиланган тартиблар асосида хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаётир.Навоий шаҳар ҳокимлиги қошида ташкил этилган “Бир ойна” бўлими ижтимоий таъминот, таълим, соғлиқни сақлаш, бандликни таъминлаш, фуқароларнинг чет элда иш фаолиятини амалга ошириш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий маслаҳат бериш борасида аҳоли, айниқса, тадбиркорларнинг яқин кўмакчисига айланган.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, солиқ тўловчининг идентификация рақами, муҳр ва тамғаларга рухсатнома олиш ҳамда туман ва шаҳар меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бўлимларига рўйхатга қўйиш ишлари бевосита “Бир ойна” бўлими томонидан икки иш кунида амалга оширилмоқда.
– Бўлим мурожаат этувчиларга намунали хизмат кўрсатиши учун зарур жиҳозлар билан таъминланиб, интернет тармоғига уланган, – дейди Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси бошлиғи Шерзод Исмоилов. – Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунда муҳим дастуриламал бўлаётир. Бу тадбиркорлар олдида турган мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш, уларнинг вақт ва маблағини тежаш имконини бермоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида 194 юридик шахс ҳамда 1 минг 277 якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бўлимга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида муҳандислик-коммуникацияларига уланиш учун жисмоний ва юридик шахслардан 183 мурожаат келиб тушган. Жумладан, архитектура-режалаштириш топшириғининг тегишли қисмларини тайёрлаш учун 66 буюртма, Навоий кон-металлургия комбинати подстанция ва тармоқлари цехи ҳамда бирлашган энерго хизмати томонидан 117 техник шартлар тадбиркорлик субъектларига ўз вақтида расмийлаштириб берилган. Яъни, мурожаатларнинг 113 тасига коммуникация тармоқларига уланиш бўйича рухсат берилиб, 4 таси белгиланган меъёрларга тўғри келмаслиги сабабли рад этилган.
“Бир ойна” бўлимига келаётган мурожаатларнинг аксариятини тадбиркорлик билан боғлиқ масалалар ташкил этмоқда. Демак, мамлакатимизда мазкур йўналишда фаолият юритишни мақсад қилган ишбилармонлар учун яратилаётган улкан имкониятлардан аҳоли унумли фойдаланаётир. Мурожаат этувчилар ўртасида турли тушунмовчиликлар юзага келган ҳолатларда мутасадди ходимлар мурожаат қилаётган фуқаро ёки тадбиркор билан суҳбатлашиб, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериб, масала шу ернинг ўзида ечим топмоқда.
Мухтасар айтганда, “Бир ойна” бўлими ўз олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни бажариб, аҳолининг ишончли ва яқин ҳамкорига айланмоқда. Бу эса аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари ўз вақтида қаноатлантирилиши, қонуний ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилаётир.