Тадбиркорларнинг муаммосига ечим топилди
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг тадбиркорлар билан навбатдаги учрашуви Самарқанд шаҳрида ўтказилди.
Вилоят ҳокимига ўз фаолиятида дуч келаётган муаммолар ҳақида мурожаат қилиш учун учрашувга қадар 94 нафар тадбиркор ўз масаласини баён этиб, рўйхатдан ўтган эди. Учрашувгача ушбу масалаларнинг 43 таси тегишли масъуллар томонидан ҳал этилди.
Қолган муаммолар ва қабул давомида яна 36 тадбиркорнинг мурожаати вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан кўриб чиқилди.
Мурожаатлар асосан, кадастр, солиқ, электр энергияси, табиий газ таъминоти, кредит, ноқонуний қурилишлар ва қурилишга рухсат олиш, ер майдонларини аукционга қўйиш, йўл ва бошқа инфратузилма масалалари, аномал совуқдан зарар кўрган корхоналарнинг кредит муддатларини узайтириш билан боғлиқ бўлди. Ҳар бир мурожаат шу ернинг ўзида атрофлича кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Масъулларга аниқ муддат билан топшириқлар берилди.
– 2019 йилдан буён ўз маблағимиз ҳисобидан хусусий мактабгача таълим ташкилоти ва ўқув маркази очиш учун қурилиш ишларини олиб боряпмиз, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи тадбиркор О.Валиев. - Маблағ борасида ёрдам сўраб тижорат банкларига мурожаат қилдим, улар лойиҳам дастурга киритилса, 2 миллиард сўмгача кредит ажратиш мумкинлигини айтишганди, аммо қоғозбозлик ва катта ваъдалардан нарига ўтишмади. Ҳозир фаолиятни йўлга қўйиш учун камида бир миллиард сўм кредитга муҳтожмиз. Учрашувда шу ҳақда айтгандим, “Миллий банк” бизга ёрдам берадиган бўлди. Иккинчи масаламиз Самарқанд шаҳар Қўрғонча маҳалласидаги сув таъминотига доир эди. Бу муаммо Самарқанд сув таъминоти корхонаси томонидан уч кун ичида бартараф этилиши айтилди.
Учрашувда билдирилган мурожаатларнинг натижаси ҳар куни вилоят ҳокимлигида таҳлил этиладиган бўлди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА