Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тадбиркорларнинг мурожаат ва таклифларини мунтазам қабул қабул қилиш, умумлаштириш, тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, тадбиркорларнинг алоҳида масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш ишлари ташкил этилмоқда.
Мазкур қарор мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - Бизнес-омбудсман девони, унинг вилоятлардаги инспекторлари томонидан ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятида Бизнес-Омбудсман девони ходимлари томонидан тиббиёт, таълим ва бошқа йўналишларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларни қийнаётган муаммолар, шунингдек, қатор таклифлар ўрганилмоқда.
Бугунги кунда Андижон вилоятида 778 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Шундан 564 таси амбулатор, 214 таси стационар даволаш муассасаси ҳисобланади. Ўтган 2023 йили хусусий тиббиёт муассасалари томонидан 5 минг 298 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида 2 минг 95 нафар чет эл фуқаросига хизмат кўрсатилган. Хорижлик фуқаролардан 290 миллион сўмдан зиёд туристик (меҳмонхона) йиғимлари давлат бюджетига ҳисобланган.
Масалан, “Соғлом турмуш” МЧЖ клиникасида 2023 йил давомида 2 минг 321 нафар, жорий йилнинг 5 ойида 1 минг 18 нафар хорижий фуқаро даволанган. Хорижий фуқаролар ҳисобидан бюджетга 110 миллион сўм туристик (меҳмонхона) йиғими ҳисобланган.
Хусусий тиббиёт муассасаларида даволанган хорижий фуқароларнинг яшаган даври учун олинган туристик (меҳмонхона) йиғимлари хусусий тиббиёт муассасаларига янги тиббий ускуналар сотиб олиш учун сарфлаш шарти билан уларнинг ўз ихтиёрида қолдириш таклифи берилди.
Бу хусусий даволаш муассасаларига янги замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш, янги иш ўринлари яратиш учун қўшимча имконият яратиб беради, шу билан бирга, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада юксалади.
Бундан ташқари, Бизнес-омбудсман девонининг вилоятдаги ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2412-моддасида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузиш, худди шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунга хилоф равишда текшириш ташаббуси билан чиқиш ва (ёки) ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 87 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Жумладан, тадбиркорлик субъектларида ўтказилган текширишларда текшириш тартибларига риоя этмаган 22 нафар назорат қилувчи орган мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чоралар қўлланилган.
Бир сўз билан айтганда, Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятидаги вакиллари Президентимизнинг тадбиркорлар билан мулоқотига тайёргарлик бўйича тарғибот ишларини самарали ташкил этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олишга қаратилган зарур ишларни олиб бормоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА