Тадбиркорларга янги имтиёзлар тушунтирилди
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида Президентимизнинг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Унда Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Солиев мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва хусусий секторни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий иқтисодиётимизни янги босқичда юксалтириб, юрт ободлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Соҳадаги сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бизнес вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича белгиланган муҳим вазифалар тўғрисида сўз юритди.

Қайд этилдики, бизнесга ортиқча аралашув ва текширишларни камайтириб, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган сўнгги имтиёзлар соҳада фаолиятни кенгайтириш ва янада ривожлантириш имконини беради.
Семинарда тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

– Фармон билан барча тоифадаги тадбиркорлар учун кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилди, – дейди Бойсун туманидаги “Лазизбек Жавоҳир гавҳари” ташкилоти ҳисобчиси Гулнора Ғиёсова. – Жумладан, кичик бизнес субъектларининг уч йил муддатга ҳар қандай текширишдан озод этилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун иккинчи имкон иқтисодий амнистиясининг эълон қилиниши, шунингдек, ўрта ва йирик бизнес субъектлари учун мустақил аудит ўтказиш имконияти берилиши тадбиркорлар учун, бизнес ривожи учун катта аҳамиятга эга. Тадбирда ана шу имтиёзлар тўғрисида етарли маълумотга эга бўлдик.

Учрашувда тадбиркорларга имтиёз ва енгилликлардан самарали фойдаланиш билан бир қаторда солиқ мажбуриятларини тўғри бажариш, қонунчиликда белгиланган тартибларга риоя этиш юзасидан тавсиялар берилди. Иштирокчиларнинг солиқ қарздорлиги, мол-мулк ва ер солиғидан имтиёз қўллаш, қўшимча қиймат, фойда солиғи, декларация ва молиявий жарималар тўғрисидаги таклиф ва мурожаатлари тингланиб, уларнинг ечимини топиш чоралари кўрилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири