Тадбиркорлар ҳуқуқларининг кафолатлари
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш, соҳани ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳимоя қилиш, соҳани ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.Туман ва шаҳар ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, назорат қилувчи ва суд органлари, мутасадди ташкилотлар раҳбар ва масъул ходимлари, тадбиркор ва фермерлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор миллий иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни тадбиркорлик субъектлари манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилаётган ғов ва чекловларни бартараф этиш, кўрсатилаётган хизматлар кўлами ва сифатини янада оширишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш йўлида қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлар билан хусусий секторда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, давлат ва бозор инфратузилма институтлари ташкил этиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий, ахборот-маслаҳат, аудиторлик, риэлторлик, интерактив ва бошқа замонавий хизматлар кўрсатишнинг яхлит тизими шакллантирилди. Тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун солиқ, божхона ва бошқа йўналишларда бир қатор имтиёз ва преференциялар берилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг вилоят иқтисодиёти тараққиётидаги ролини янада ошириш, мавжуд тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шароит яратиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, уларнинг сони 10 минг 757 тага етди. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун 448,8 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди, хусусий сектор томонидан 391,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 791,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 439,5 миллиард сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилди. Вилоят ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 79,1 фоизни ташкил этди. 40 га яқин янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бандлик дастури доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳисобидан 15 минг 954 янги иш ўрни барпо этилди.
Вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ҳар ойда икки марта ўтказилаётган “Тадбиркорлар куни” ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субьектларининг муаммоларини ечишда муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, шу йилнинг ўтган даврида ташкил этилган ана шундай тадбирларда 1 минг 631 тадбиркор тижорат банкларидан кредит маблағлари олиш, электр таъминотидаги узилишлар, ер ажратиш ва бошқа масалалар билан мурожаат этди.
– Бундай масалалар ўз вақтида ечимини топиб, арзон, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, сервис ва хизмат кўрсатиш кўлами кенгаймоқда, янги иш ўринлари ташкил этилмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов. – Бошқарма томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, назорат қилувчи органлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг улар фаолиятига ноқонуний аралашувининг олдини олиш, муаммоларни ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида судларга тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиб, 26 миллиард 70 миллион сўм қийматидаги 1 минг 351 даъво аризаси киритилди. 22 миллиард 797 миллион сўмлик 1 минг 200 даъво аризаси қаноатлантирилди. Айни пайтда 151 таси судда кўриб чиқилмоқда. Ўндан ортиқ тадбиркорга ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларини турли давлатларга экспорт қилишда ёрдам берилди. Сўнгги беш йилда 100 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти замонавий технологиялар билан жиҳозланишига кўмаклашилди. Жойларда ўтказилаётган сўровномалар асосида тадбиркорларга кредит маблағларини ўз вақтида ажратмаслик, электр, табиий газ таъминотидаги узилишлар ва бошқа масалалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилаётир.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиқди.