Тадбиркорлар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Бизнес-омбудсманнинг вилоятда фаолият юритувчи ходимларига 2019 йил давомида 71 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ҳозир 27 та мурожаат ижобий ҳал этилган, 44 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, Республикада инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилётган ишлар юксак самара бераётир.
Буни тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг жойлардаги, хусусан, Фарғона вилоятидаги ходимлари фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Тадбиркорга яқиндан кўмакдош, дардини эшитиш, қийнаётган масалаларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш уларнинг асосий иш фаолиятига айланган.
Бизнес-омбудсманнинг вилоятда фаолият юритувчи ходимларига 2019 йил давомида 71 та мурожаат келиб тушган бўлиб, ҳозир 27 та мурожаат ижобий ҳал этилган, 44 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Шунингдек, 18 та маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари (хатти-ҳаракатлари)дан норози, 9 та ерга доир қонун ҳужжатлари, 8 та банклар фаолиятига, 5 та солиқ соҳасига оид қонун ҳужжатлари юзасидан ҳамда 6 та бино иншоот масаласига доир масалаларда мурожаат келиб тушган.
Фарғона шаҳрида фаолият олиб борувчи “Чарм тўп келажаги” масъулияти чекланган жамияти раҳбарининг фаолият олиб бораётган бино-иншоотини бириктириб беришда Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан тўсқинликлар бўлаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди. Вакил девонининг Фарғона вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари ёрдами билан Фарғона вилояти ҳокимининг қарорига асосан бино-иншоот мазкур жамиятга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилди.
Бағдод туманида фаолият кўрсатувчи “Беш кўча” оилавий корхонаси раҳбарининг тижорат кредити олиш учун АТ “Халқ банки” Бағдод тумани бўлимига мурожаат қилганлиги, бироқ банк томонидан кредит маблағи ажратилмаганлиги тўғрисидаги мурожаати ҳам ўз ечимини топди. Корхонага АТ “Халқ банки” томонидан 600 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди.
Ҳозирги кунда Фарғона вилоятида фаолият юритувчи Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари томонидан ваколат ва функцияларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинмоқда. Жойларда ташкил этилаётган учрашувларда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган ҳолатлар ва муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари амалга оширилмоқда.