Тадбиркорлар тажрибаси ўрганилмоқда
“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан унумли фойдаланаётган бухоролик тадбиркорлар тажрибаси Бухоро вилояти божхона бошқармаси масъуллари томонидан ўрганилмоқда.
Хусусан, Ғиждувон туманидаги ПВХ мрамор панели ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналардан бирида бўлиб ўтган учрашувда, тадбиркорнинг қайта ишлаш йўналишидаги тажрибалари юзасидан фикрлар алмашилди.

Корхона қисқа фурсатда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимидан унумли фойдаланиши натижасида, кунига 230-250 дона ПВХ мрамор панели ишлаб чиқармоқда. Бундан ташқари, хомашё танқислиги каби муаммоларни ижобий томонга ҳал этилиши баробарида, Озарбайжон, Қирғизистон, Россия ва Франция давлатларига тайёр маҳсулотлар экспорти ҳам йўлга қўйилди.

Корхона 2024 йил 9 ойи давомида қиймати 643 минг долларга тенг бўлган хомашё маҳсулотларини қайта ишлаш режимига расмийлаштирган бўлиб, 361 минг долларга тенг тайёр маҳсулотларни хориж бозорига йўналтирди.
Зеро, тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш мақсадида жорий этилган ушбу божхона режими маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун муҳим имкониятлар яратибгина қолмай, уларни халқаро бозорда янада фаол иштирок этишга ундайди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири