Тадбиркорлар фаолияти қўллаб-қувватланмоқда
Зарафшон шаҳар ҳокимлигида 2026 йил 25 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган ўқув-семинар ҳамда очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда шаҳар ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси вакиллари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда тадбиркорлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Семинар давомида фармоннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган имтиёз ва енгилликлар, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, бизнес юритиш жараёнидаги маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашда тадбиркорлик муҳим ўрин тутади. Шу боис тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топиш давлат органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бирига айланган.
Очиқ мулоқот жараёнида тадбиркорларнинг фаолияти давомида учраётган муаммо ва таклифлари муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш чоралари белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА