Тадбиркорлар фаолияти қонун ҳимоясида
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонунлар ижросини таъминлаш бўйича Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди.
Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 53-моддасидан.
Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда хусусий мулк, мулкдор манфаати ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган мустаҳкам қонунчилик асослари яратилгани муҳим аҳамият касб этаётир.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган қонунлар ижросини таъминлаш бўйича Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Нуриев ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Мамлакатимизнинг бугунги жадал ижтимоий-иқтисодий тараққиёти давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган машҳур беш асосий тамойилдан бири – қонун устуворлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир. Конституциямизда хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани қатъий белгилаб қўйилган. Хусусий мулк, кичик бизнес эгалари, бир сўз билан айтганда, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари билан уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланмоқда.
Адлия бошқармаси томонидан вилоятда давлат рўйхатидан ўтган 29 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқий ҳимояси бўйича тегишли қонунлар ижроси доимий назоратга олинган. Тадбиркорлик субъектларини назорат қилувчи органлар томонидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши Наманган вилояти комиссияси тасдиқлаган режага мувофиқ ўтказилган текширишлар тўғрисида маълумотларни назорат қилувчи органлар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Таҳлил натижалари умумий ҳолатга аниқлик киритиб, келгусида аҳамият берилиши лозим бўлган йўналишларни белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилнинг биринчи ярмида шундай таҳлиллар натижасига кўра, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши вилоят, шунингдек, Косонсой, Наманган, Норин ва Уйчи туманлари ҳудудий комиссияларига текширишлар сони кўпайгани ҳолатлари бўйича тақдимномалар киритилди.
Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда “Текширишларни рўйхатга олиш китоби”нинг мониторинги яхши самара бермоқда. Йилнинг ўтган тўққиз ойида 800 дан ортиқ тадбиркорлик субъектида мазкур китобнинг юритилиши бўйича ўтказилган мониторинг 46 маротоба ноқонуний текшириш ўтказилганини кўрсатди. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан чоралар кўрилди. Тадбиркорлик субъектларидан тушган ариза ва шикоятлар белгиланган муддатларда ўрганилиб, уларда кўрсатилган муаммоларнинг ижобий ҳал этилаётгани ишбилармонларнинг қонун устуворлигига бўлган ишончини янада оширмоқда. Йил бошидан буён бошқармага келиб тушган ариза ва шикоятнинг 45 таси қаноатлантирилиб, 53 мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда “Ишонч телефони” хизматидан самарали фойдаланмоқда. “Ишонч телефони” орқали қабул қилинган 20 мурожаатнинг 15 таси ижобий ҳал этилгани фикримиз тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган фармон ва қарорлари ҳамда Бош прокуратура, Олий хўжалик суди, Солиқ қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастур асосида олиб борилган ўрганишлар жараёнида текширишларнинг белгиланган тартибига риоя қилмаслик, ноқонуний текшириш, ноқонуний маъмурий жавобгарликка тортиш каби икки юздан зиёд қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, айбдорларга нисбатан чоралар кўрилди.
Ҳисобот даврида тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 120 дан зиёд тақдимнома ва огоҳнома киритилиб, 80 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди, ноқонуний равишда қабул қилинган 40 дан ортиқ қарорлар бекор қилинди. Судларга 20 миллион сўмликка яқин 36 даъво аризаси киритилди.
Тадбиркорлик фаолияти субъектини рўйхатдан ўтказиш, муайян фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома беришни ноқонуний рад этиш ёки уни беришдан бўйин товлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг белгиланган тартибини бузиш, тадбиркорлик фаолияти субъектининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, мустақиллигини чеклаш, фаолиятига ноқонуний аралашиш ва унинг аризасини кўриб чиқиш тартибини бузиш ҳолатлари бўйича ўндан зиёд мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар тегишли идораларга юборилди.
Тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар, эркин фаолиятнинг ҳуқуқий асослари, тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва кафолатлар бўйича илмий анжуманлар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар изчил йўлга қўйилган. Бошқарманинг тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан шу йилнинг тўққиз ойида вилоят телевидениеси ва радиоси орқали ўндан ортиқ кўрсатув ва эшиттиришлар берилди, даврий нашрларда мунтазам мақолалар чоп этилмоқда.
Корхона ва ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда) ҳамда “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунлари, Президентимизнинг соҳа ривожига доир фармон ва қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича ўтказилаётган давра суҳбатлари, семинар ва учрашувлар тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб, бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, тадбиркорлар ва хусусий мулк эгаларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришни устувор вазифа қилиб қўйди. Бу вазифалар давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида тўлиқ ўз аксини топди. Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 20 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига биноан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган қирқдан ортиқ қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ҳужжатлар қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги чора-тадбирлар самарадорлигини янада юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.