Тадбиркорлар давлатимиз раҳбари ҳимоясида
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бутун дунёни ларзага солаётган коронавирус пандемияси барча соҳалар ва тармоқларга, жумладан, тадбиркорлар фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунга қарамасдан, давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳар томонлома қӯллаб-қувватланиб, кенг имкониятлар берилмоқда. Хусусан, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, текширувларни камайтириш, солиқларни тӯлашни соддалаштириш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг фармони билан янги иш ӯринларини яратаётган, чет давлатларга маҳсулотлар экспорт қилаётган тадбиркорлик субъектларига айрим солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилмоқда. Натижада тадбиркорлик субъектларининг сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилишини таъминлайди. Бугунги кунда бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, текширув ўтказиш учун келиб тушган буюртмаларни кўриб чиқишда асосий эътибор текширишга эмас, профилактикага қаратилмоқда.

Мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга оид қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, зарурий шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Жорий йилнинг август ойи бошида ташкил этилаётган Президентимизнинг ишбилармонлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти уларга кўрсатилаётган катта эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунасидир.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида айрим муаммолар борлиги сир эмас. Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда биринчи марта давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ӯтказадиган мулоқоти ушбу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам бўлажак мулоқот олдидан унинг мазмун-моҳияти, тадбиркорларимизни қийнаётган муаммолар, уларнинг ижобий ечими борасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “Очиқ мулоқоти”ни ўтказиш бўйича Штаб “Call-марказлари”га ва ижтимоий тармоқлар орқали тадбиркорлардан бугунги кунгача 5 015 та муаммо ва таклиф келиб тушган. Уларнинг аксариятини бизнесни молиялаштириш, кредитлаш ва субсидия, ер ва бино ажратиш, бизнесни бошқариш бӯйича ғоялар, муҳандислик-коммуникация инфратузилмалар, сертификатлаштириш, рухсатнома ва лицензиялар бериш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, давлат бошқаруви органлари фаолияти ва уларнинг иқтисодиётга аралашуви каби мурожаатлар ташкил этади. Шунингдек, қурилиш соҳаси, солиқ тизими, савдо, шу жумладан, божхона тариф ва нотариф, коррупция ва бюрократик тӯсиқлар, хусусийлаштириш, биржа фаолияти, давлат харидлари ва бошқа масалаларда мурожаатлар келиб тушган.
Жойлардаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллари мурожаатларни ҳал этиш, тадбиркорларга кўмаклашишда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб боради.
Б.Аралбаев,
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича етакчи инспектори.
ЎзА