Тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда
Шу кунларда Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси томонидан юртимиз бўйлаб 10 дан ортиқ йўналишларда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, пойтахтимизда Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигида молиявий, юридик, консалтинг, IT ва алоқа соҳасидаги тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди.

Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар тўплаш мақсадида ташкил этилган учрашувда тадбиркорлар олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Бугунги кунга қадар савдо ва умумий овқатланиш, заргарлик, молиявий, юридик, консалтинг, IT ва алоқа соҳасидаги тадбиркорлар билан мулоқотлар бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқотлар YouTube платформаси орқали ҳам тўғридан-тўғри намойиш қилиняпти. Ҳудудлардан хам тадбиркорлар онлайн уланиб, ўз саволлари ва таклифларини билдиряпти.
Очиқ мулоқотларда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, Республика штабига тақдим қилинади. Штабда эса тегишли экспертлар иштирокида таҳлил қилинади ва мукаммал таклифлар ишлаб чиқилиб, Президент Администрациясига киритилади.

Қолаверса, республика бўйлаб барча шаҳар ва туманларда ҳудудий ишчи гуруҳлар хам тадбиркорларнинг таклифларини тингламоқда. Мақсад ҳеч қайси тадбиркор ва ҳеч қайси таклифни эътибордан четда қолдирмаслик.
Бу мулоқотлар Қорақалпоғистон Республикасида давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотларига қадар давом этади.

Шунингдек, тадбиркорлар 1100, 1094 қисқа рақами ва Тадбиркор виртуал офиси орқали ҳам ўз таклиф ва мурожаатларини юборишлари мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА