Тадбиркорлар билан мулоқотда 1 минг 200 га яқин мурожаатлар келиб тушди
Мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, имтиёзлар бериш ва фаолияти учун тўсиқ бўлаётган айрим муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу ўз навбатида, иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
O’zLiDeP томонидан йўлга қўйилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилинмоқда. Уларнинг муаммоларини ўрганиш ва амалий ечимлар топишга қаратилган қатор ташаббуслар изчил амалга оширилмоқда.

Ана шундай ташаббуслардан навбатдагиси — “Бизнес клуб” лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа доирасида тадбиркорлар билан илк учрашув ташкил этилди. Офлайн ва онлайн шаклда ташкил қилинган учрашувда 2 минг 600 нафар тадбиркор, ишбилармон ва бизнес вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлар фаолиятида учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларга ечим топиш, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбиркор ва ишбилармон доира вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан соҳага оид турли масалаларда телеграмдаги бот орқали ҳамда тўғридан-тўғри тадбир жараёнидан 1 минг 200 га яқин мурожаатлар, саволлар, фикрлар келиб тушди. Хусусан, тадбиркорлар соҳадаги мавжуд муаммолар — молиявий ҳисоб-китоблар шаффофлиги, рухсат бериш тартиб-таомиллари, инфратузилма ва хизматлар сифатини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича қатор таклифларни илгари сурдилар.
Тадбиркорларнинг бу каби таклифлари умумлаштирилиб, қонунчилик доирасида ҳал этиш ёки қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқиладиган бўлди.

Таъкидлаш лозимки, партиянинг “Бизнес клуб” лойиҳаси тадбиркорлар учун ўз фикр ва ташаббусларини эркин билдириш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш имконини берадиган платформа вазифасини бажаради. Лойиҳа доирасида мунтазам равишда шу каби учрашувлар ўтказиш, бизнес ва давлат ўртасида мулоқотни кучайтириш, шу орқали амалий натижаларга эришиш режалаштирилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА