Тадбиркорга ер майдони қайтариб берилди
“Sharq” масъулияти чекланган жамияти (номи ўзгартирилган) мулкий ҳуқуқлари бузилганлигидан норози бўлиб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Самарқанд тумани ҳокимининг қарори билан “Sharq” МЧЖга интенсив токзорлар барпо этиш учун 104,6 гектар ер майдони ажратиб берилган. Кейинчалик “Sharq” МЧЖнинг фаолиятида текширув ўтказилиб, жамият мазкур ер майдонидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиб келинганлиги тўғрисида Кадастр агентлиги ва Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилояти бошқармалари мутахассислари томонидан далолатнома тузилган.
Натижада ер майдони мазкур далолатнома асосида ҳоким қарори билан ер захира фондига қайтарилган.
Бизнес-омбудсман ахборот хизмати маълумотига кўра, тузилган далолатномада “Sharq” МЧЖ раҳбари иштирок этган, деб қайд этилган бўлсада, далолатномада унинг имзоси мавжуд эмаслиги аниқланди.
Кейинчалик маълум бўлишича, мазкур текширув Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган ва Бизнес-омбудсманни хабардор этмасдан ўтказилган. Бизнес-омбудсманнинг ҳаракати натижасида текширув ўтказган мутахассислар Б.Р. ва С.У. илгари тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Олий судга киритилган кассация шикояти кўриб чиқилиб, ҳокимнинг “Sharq” МЧЖга тегишли ер майдонини ер захира фондига қайтариш тўғрисидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА