Тадбиркор ва фермерлар билан очиқ мулоқот
Тошкент давлат аграр университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерликни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ва уларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш, бу борада тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Тошкент давлат аграр университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерликни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ва уларни келтириб чиқараётган сабабларни аниқлаш, бу борада тегишли таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган масалалар чуқур ўрганилди ҳамда истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, давлат органлари фаолиятида очиқликни, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда жорий йилга Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб ном берилиши инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган олижаноб ғояни янада изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдек олий мақсадларга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасида мамлакат ҳаётининг барча муҳим соҳаларидаги ҳақиқий аҳвол, хусусан, қишлоқ хўжалигидаги камчиликлар, бажарилмаётган долзарб вазифалар холис ва чуқур таҳлил қилингани алоҳида таъкидланди.
Соҳадаги салбий ҳолатларни ўрганиш, уларни бартараф қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича партиянинг парламентдаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаоллик кўрсатиши, бу борада партия электорати – тадбиркор ва фермерлар манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилиши, улар йўлидаги тўсиқ ва муаммоларни бартараф этишда кучли депутатлик назоратини ўрнатиш, назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан фермер хўжаликларини янада ривожлантириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди, – дейди «Қибрай олтин мева» фермер хўжалиги раҳбари Зарина Жуманазарова. – Бугунги тадбирда фаолиятимизда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш, фермер ва тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида яратилган имкониятлар тўғрисида мулоқот қилиш имконига эга бўлдик.
Мулоқотда фермерлар томонидан билдирилган таклифларни партия депутатлик бирлашмалари, тегишли вазирлик, идора ва маҳаллий ижроия органлари билан ҳамкорликда амалга ошириш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди.