Тадбиркор томонидан белгиланмаган жойга чиқиндилар ташлангани аниқланди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Раҳимов, Ўзбекистон Экологик партияси Янгиҳаёт туман партия ташкилоти раиси Н.Абдалимова, туман Кенгаши депутати Ҳ.Тиллаев туман бўйлаб экологик ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди.
Жумладан, халқ вакиллари "Янги Умид" маҳалласида бўлди. Ўрганишлар давомида ҳудуддаги тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланмаган жойга чиқиндилар ташлаб кетилгани аниқланди.

Тадбиркор билан суҳбатлашилиб, ушбу ҳолат экологик муҳитга зарар етказаётгани қайд этилди, тегишли тушунтиришлар олиб борилди.
Мазкур ҳолат юзасидан депутатлик назорати ўрнатилиб, ҳудуд чиқиндилардан тозаланди. Тадбиркор томонидан ташлаб кетилган енгил конструкцияли металлар қурилиш ишлари якунланганидан сўнг тўлиқ бартараф этилиши таъкидлаб ўтилди.


Ҳудудларни тоза-озода сақлаш, чиқиндиларни сараланган ҳолда белгиланган жойларга ташлаш экологик барқарорликда муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, ҳар бир фуқаро, ҳар бир тадбиркор атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиши, экологик маданиятини юксалтириши лозим бўлади.
М.Комилова,
ЎзА