Тадбиркор иш ўрнини кенгайтириш ниятида
Бухоро вилояти Олот туманнинг “Човдур” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Эркинжон Саноқулов тадбиркорлик ташаббуси туфайли ўз уйида шлакоблок ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Натижада 4 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Тадбиркорликка қаратилаётган эътибор ва рағбатдан унумли фойдаланган Эркинжон ҳам маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномасига мувофиқ 33 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағини расмийлаштириб, ўзи кўпдан ўйлаб юрган бизнес режасини амалга оширди.
– Иш бошлашда сармояни мақсадли сарфлаш тақозо қилинади, – дейди Эркинжон Саноқулов. – Мен ҳам кредит маблағини шлакоблок ишлаб чиқарувчи Хитой дастгоҳини сотиб олишга сарфлаган бўлсам, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида яна имтиёзли 33 миллион сўм кредит маблағини олиб, алоҳида жойни ҳозирлаш ва уч ғилдиракли мотоцикл олишга харж қилдим. Бугунга келиб ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга эришмоқдаман. Маҳсулотга талаб ортиши билан ишчи кучига эҳтиёж ҳам кучаймоқда. Айни пайтда цехда тўрт киши иш билан банд бўлиб, уларга ойлик маош ўз вақтида берилмоқда.



Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.