Нукуслик тадбиркор элликка яқин турдаги офис ва уй-рўзғор жиҳозлари ишлаб чиқармоқда
Нукуслик Мурат Шимбергенов Бош қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқидан ва мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.
Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 36-моддасидан.
Нукуслик Мурат Шимбергенов Бош қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқидан ва мамлакатимизда яратилган кенг имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда.
Қурилиш ашёлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Кардар” масъулияти чекланган жамиятида дастлаб ёғоч ва темирдан қурилиш материаллари – темир дарвоза, эшик ва ромлар, турли панжаралар тайёрлаш йўлга қўйилди. Тадбиркор бунда тижорат банкларининг молиявий кўмагидан фойдаланди. Узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағлари эвазига корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратишга эришди.
Айни пайтда корхонада идора ва хонадонлар учун 50 га яқин номдаги турли жиҳозлар тайёрланмоқда. Дастлаб ўн ишчи билан фаолият бошлаган корхонада бугунги кунда 167 ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 60 фоизи касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислар.
– Иш унумдорлигининг ортишида хориждан келтирилган 15 замонавий дастгоҳ қўл келмоқда, – дейди Мурат Шимбергенов. – Ишлаб чиқарилаётган дарвоза, эшик, панжара, висетка, фонар каби маҳсулотларнинг сифати ва дизайни ҳам яхшиланди. Буюртма асосида Нукус темирйўл вокзали атрофи, “Дўстлик” канали бўйидаги турли тўсиқ ва панжаралар, ёритиш чироқлари, ўриндиқлар усталаримиз томонидан тайёрланган. Тадбиркорлик фаолияти орқали юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшаётганимиздан фахрланаммиз.
Корхона маҳсулотларига талаб юқори. Айниқса, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли барпо этилаётган замонавий бино ва иншоотларда корхона маҳсулотларидан кенг фойдаланилмоқда. Хоразм ва Бухоро вилоятларидан ҳам буюртмалар қабул қилинаётир.
Яқинда корхонада хонадон ва офислар учун турли мебеллар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ишнинг кўзини биладиган тадбиркор Мурат Шимбергенов “Ташаббус – 2013” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича ғолиб бўлган. Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллиги арафасида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.